Профессионал таълим тизимини ривожлантиришга бағишланган конференция
Мамлакатимизда ЮНEСКО Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистон қишлоқ жойларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда Сифатни таъминлаш миллий рамкасини (СТМР) шакллантириш бўйича конференция ўтказилди.
Мазкур конференция касб-ҳунар таълими бўйича миллий ёндашувни ўрнатишга қаратилган малакаларни ошириш, бу борада мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистонда Сифатни таъминлаш миллий рамкаси ва уни амалга ошириш методологияси, шу жумладан муассасаларга ўзларининг ишга боғлиқ бўлган кучли ва яхшиланиши керак бўлган томонлари ҳақида тушунчага эга бўлиш имконини берувчи бир йиллик ўзаро баҳолаш дастури билан танишиш имкониятини берди. Бундан ташқари, Европа таълим жамғармаси сифатни таъминлаш ёндашуви ҳақида тақдимот ўтказди.
Конференцияда профессионал таълимда мустаҳкам сифатни таъминлаш тизимининг муҳимлиги эътироф этилди. Чунки у малака ошириш сифатини яхшилайди, давлатлар бўйлаб кўникмаларнинг шаффофлиги ва таққосланишига ёрдам беради, ўзаро ишончни мустаҳкамлайди, ишчилар ва ўқувчиларнинг ҳаракатчанлигини осонлаштиради ва умрбод таълимни қўллаб-қувватлайди. Унинг асосий ғояси сифат назорати маданиятидан малака ошириш сифатини доимий равишда ошириш амалиётига ўтишдир.
– Халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг барчаси профессионал таълим тизимини ривожлантириш учун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бунда асосий урғуни таълим сифатини таъминлашга бериш, келгусида ёшларни даромад қилишлари учун зарур бўладиган кўникмаларга эга бўлиш имкониятларини оширади, – деди олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов.
ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади ўз сўзида профессионал таълимда сифатни таъминлашнинг муҳим ролини таъкидлаб ўтди. У талабаларга таклиф этилаётган курслар замонавий меҳнат бозори талабларига бевосита жавоб беришини таъкидлади.
– Сифатни таъминлаш бутун дунё бўйлаб талабалар изчил ва юқори сифатли таълим тажрибасини олишларини таъминлаш орқали таълимда адолат, шаффофлик ва жавобгарликни қўллаб-қувватлайди. Сифатни таъминлаш миллий тизимини жорий этиш орқали Ўзбекистон ўз профессионал таълим дастурлари яхлитлиги ва самарадорлигини ошириш, шу орқали таълим натижаларини яхшилаш ва иқтисодий самарадорликни ошириш чораларини кўрмоқда, – деди Сара Ношади.
2020 йилдан бошлаб ЮНEСКО Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида Ўзбекистонда профессионал таълимни ислоҳ қилишда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда ва ҳукуматнинг Ўзбекистон қишлоқларида турмуш даражани оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида сифатли профессионал таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратмоқда.
Лойиҳа эркаклар ва аёллар, айниқса, ёшларнинг бандлигини оширишга қаратилган бўлса-да, Ўзбекистонда барқарор, диверсификацияланган ва модернизация қилинган қишлоқ хўжалиги ва ирригация тармоқлари эҳтиёжларини қондириш учун уларни зарур кўникмалар билан таъминлашга қаратилган.
ЎзА