Латвия элчиси: Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги стратегик муҳим марказ сифатида кўрамиз

81

27 ноябрь куни мамлакатимизга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.

Ўзбекистон Президенти янги тайинланган элчиларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Давлатимиз раҳбари ўз миссиясини бошлаётган дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини самимий табриклади.

Маросимдан сўнг Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гиртс ЯУНЗЕМС ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

– Ўзбекистон билан барқарор тарихий алоқаларимиз мавжуд. Мен учун энг муҳим вазифа икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги, юқори босқичга олиб чиқишдир. Латвия аллақачон Европа Иттифоқига кириш йўлида Ўзбекистон учун стратегик шимолий дарвоза вазифасини бажармоқда. Бу темир йўл алоқалари, тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари ва автомобиль транспортидир. Ушбу инфратузилма имкониятларидан тўлақонли фойдаланиб, ҳамкорлигимизни кенгайтириш ва янги босқичга кўтариш мумкин.

Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги стратегик муҳим марказ сифатида кўрамиз. Шу боис, икки томонлама манфаатли ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни ривожлантириш устувор аҳамият касб этади. Ахборот-коммуникация технологиялари, электрон тижорат, шунингдек, яшил технологиялар ва анъанавий маҳсулотлар соҳасида катта истиқболлар борлигини кўряпман.

Давлат хизматларини самарали ташкил этиш, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш, сертификатлаш ва стандартлаштириш соҳасидаги тажрибамизни Ўзбекистон билан фаол ўртоқлашмоқдамиз. Бу эса мамлакатингизнинг Европа Иттифоқига экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, университетлар ўртасида кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Янги таълим дастурларини жорий этишда ҳам яқин ҳамкорлик қиляпмиз. Бу йўналишда изчил меҳнат ва давомийлик асосий омил ҳисобланади.

Вазирлар даражасидаги ташрифлар алмашинуви янада кўпроқ бўлишига умид қиламан. Бу ташрифлар ҳам бизнес, ҳам маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Шу боис, ташрифлар дастури ва алмашинувига алоҳида эътибор қаратяпман.

ЎзА мухбири

Икром АВВАЛБОЕВ

 ёзиб олди.