Қорақалпоқ филологияси – халқимизнинг маънавий бойлигини ўрганувчи муҳим соҳа

91

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 йил 27 декабрдаги қарори билан Қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислигининг 90 йиллигига бағишлаб Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 2025 йил 28 ноябрь куни «Ҳозирги қорақалпоқ филологиясининг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказилиши белгиланган. Биз университетнинг Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети декани, филология фанлари доктори, профессор Қонақбой Турдибоев билан суҳбатлашиб, конференция олдидан олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, ўтказиш тартиби ва дастури ҳақида фикрлари билан бўлишган эдик.

-Қорақалпоқ тилининг тил бўлиб шаклланиши узоқ ўтмишга бориб тақалади. «Шунча оғир сургунларда йўқолмай, бу кунларга етганингга қойилман,» деб улуғ шоир И.Юсупов айтганидек, она тилимизнинг шунча довонлардан ошиб, бу кунларга етиб келиши ҳам ўз-ўзидан бўлган эмас. Уни соф, тоза ҳолда сақлаш ва келажак авлодга мерос қилиб қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу тил орқали адабиёт ривожланди, тарих ёзилди, қанчадан-қанча илмий ишлар қилинди, энг асосийси бизни ёрқин келажакка етаклайдиган она тилимизда янграган Она алласи қалбларимиз тўрида умрлик озиқ бўлиб муҳрланиб қолмоқда.

Бу йил Қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислиги ташкил этилганига 90 йил тўлади. Тарих учун бу йиллар қисқа вақтдек бўлиши мумкин, лекин шу йиллар ичида факультет томонидан қилинган ишлар, илмий кашфиётлар, қорақалпоқ филологиясининг ривожланишига асос бўлган фундаментал ишлар яратилди. Бунда шу улуғ марказда ишлаган ҳар бир профессор- ўқитувчининг меҳнати салмоқли. Қорақалпоқ тили ва адабиёти фан бўлиб шакллангандан бери 280 дан ортиқ илмий диссертациялар ҳимоя қилинган бўлса, шундан 60 га яқин фан докторлари, 220 дан ортиқ фан номзодлари ва филология фанлари бўйича фалсафа докторлари етишиб чиқди.

Қорақалпоқ филологияси – халқнинг маънавий бойлигини, тили ва адабиётининг асрлар давомида шаклланиб, ривожланган бой меросини илмий асосда ўрганадиган муҳим йўналиш. Ҳар бир халқнинг маданий ривожланишида ўзининг миллий филологияси алоҳида ўрин тутади. Шу маънода, факультет нафақат тилшунослик ва адабиётшунослик соҳасида малакали кадрлар тайёрлайдиган даргоҳ, балки қорақалпоқ халқининг тафаккури, маънавий дунёси ва адабий меросини ўрганиш маркази ҳисобланади.

Қорақалпоқ тилшунослиги мутахассислари ва адабиётшуносларининг ҳам дастлабки манбаи қорақалпоқ филологияси факультетидан бошланганлигини тарих тасдиқлайди. Турли даврларда факультетнинг номи ўзгариб турган бўлса-да, қорақалпоқ адабиётшунослари ва тилшунос мутахассисларини малакали кадр сифатида етиштириб чиқаришдек улуғ мақсад йўлида факультет жамоаси доимо ҳамжиҳатлик билан келажакка қадам ташлаб борди.

Қорақалпоқ филологиясининг турли йўналишларининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган машҳур олимлар Н.Давқараев, М.Нурмуҳамедов, С.Ахметов, Н.Баскаков, Д.Носиров, Х.Ҳамидов ва б. асос солган қорақалпоқ филологлари мактаби йиллар ўтган сари сафини тўлдириб, ривожланиб борди. Факультет эшиги илмга чанқоқ, илғор фикрли, мустақил фикрловчи ёшлар учун доимо очиқ бўлди. Даврининг кўзга кўринган ёзувчи ва шоирлари шу эшикдан дастлабки қадамини ташлаб, ўз ижодининг чўққисига етишди. Масалан, халқимизнинг суюкли фарзанди- Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов биз таълим олаётган аудиторияларда ўқиган, ўз ижодининг илк йўлларини шу ерда бошлаган. Бу ҳақида факультетимизга келиб, адабий кечаларда талабалар билан учрашувларида сўзлаган эди. Шунингдек, адабиёт бўйича ёшларга ўз маслаҳатларини берганликлари қандай бетакрор хотиралар…

Ўтган йиллар хронологиясига назар солсак, факультет таркибида ўзбек, қозоқ, туркман филологияси таълим йўналишлари бўйича бакалаврлар тайёрлайдиган кафедраларнинг ҳам фаолият олиб борганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу «кейс» факультет тарихида маданияти, тили, адабиёти, урф-одатлари ўзаро яқин бўлган туркий халқларнинг дўстлик, қардошлик муносабатлари ҳали ҳам мустаҳкам бўлганлигидан далолат беради. Демак, факультет нафақат билим, илм-фан ўчоғи, балки миллатлараро дўстлик гулшанига айланганлигидан фахрлансак арзийди.

Қорақалпоқ филологиясининг 90 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирлар билан халқаро конференциянинг қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган байрам тадбирларига уланиб кетишида ҳам катта маъно бор деб ҳисоблайман. Қорақалпоқ тили ва адабиёти ихтисослиги тарихи – бу ўз-ўзидан пайдо бўлган воқеа эмас. У халқимизнинг асрлар давомида сўзга, илмга ва ҳақиқатга бўлган муҳаббатидан, маърифат йўлидаги чексиз интилишидан яралган. Факультетда ўтган олтин давр талабалик йилларининг қувончлари ва машаққатли довонлари ҳеч қачон унутилмайди. Бу ерда таълим-маърифат билан бирга ҳар бир ёш дўст орттириш санъатини ҳам эгаллайди.

Жорий йилнинг 28 ноябрь куни университетда университетда «Ҳозирги қорақалпоқ филологиясининг долзарб масалалари (қорақалпоқ тили ва адабийоти мутахассислигининг 90 йиллигига багишланади) » мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказилиши белгиланган. Унда Туркия, Озарбайжон, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан олимлар иштирок этиши кутилмоқда. Маҳаллий олимлар хориждан келгани меҳмонлар билан биргаликда бугунги куннинг долзарб масалаларини ўртага ташлаб, илмий муаммоларга ечимлар топади. Илмий мусобақа ва ғоялар субстанциясига айланадиган халқаро тадбир доирасида ижод булоғи кўзларини очишга хизмат қиладиган танловлар, ажойиб кўргазмалар ва мусиқий дастурлар ўтказилиши кўзда тутилган. Хусусан, конференция давомида «Илҳом ва сўз қудрати» танловининг «Энг яхши шеърий асар,» «Энг яхши эссе,» «Энг яхши мақола,» «Энг яхши видеоролик,» «Энг яхши тасвирий ифода» каби номинациялари бўйича  аниқланган ғолиблар муносиб тақдирланади. Шунингдек, анжуман арафасида «Билим» нашриётидан «Қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислигига 90 йил» номли китоб чоп этилди. Ушбу китоб нафақат бир факультетнинг тарихи ҳақида, балки бутун бир халқнинг маънавий ривожланиш йўли ҳақидаги хронологик ва маънавий хотирани ўзида мужассам этган. Унда факультетнинг қандай тузилгани, шаклланиш босқичлари ва ривожланиши архив материаллари, тарихий манбалар ва бошқа қўлёзма маълумотлар асосида сўз юритилади.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, илм-фан зиёлилари, талаба-ёшлар ва иштирок этиш ниятида бўлган барчани амалиёт ва назариянинг уйғунлигида ўтказиладиган конференцияда фаоллик кўрсатишга чақириб қоламиз.

                                                                  Сухбатдош Г.Турдишова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги