Тахтакўпирда халқаро этно-маданий фестиваль ўтказилди

88

Тахтакўпир туманининг Белтов овул фуқаролар йиғинидаги  «Тах-тобе» этно қишлоғида халқаро этно-маданий фестивалнинг очилиш маросими ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, барча йиғилганларни фестивалнинг очилиши билан табриклади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Қозоғистон Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамкулов иштирок этди. Таъкидланганидек, юртимизда асрлар давомида турли миллат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатлик билан ягона халқ бўлиб, юртимизнинг ҳар томонлама гуллаб-яшнашига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чиқарган махсус фармон ва қарорлари асосида, республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Белтов овул фуқаролар йиғинида ҳам кенг кўламда қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, бугун бу аҳоли том маънода янгича қиёфага эга бўлди. Айниқса, ушбу фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Бўрчитовнинг баланд чўққисига қурилган, халқимиз ўтмишидан дарак берувчи, миллийлигимизни ўзида мужассам этган «Тах-тобе» этно-қишлоғи ҳудудга янада ўзгача кўрк ва чирой бағишламоқда.

Жумладан, мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудлари ва хорижий давлатлардан иштирок этган ушбу этно-маданий фестивалнинг ҳам айнан шу жойда ўтказилганида чуқур маъно бор. Сабаби, бу ерда ташкил этилган 70 та Қора уй юртимизда яшаётган турли миллат вакилларининг ўзлигини намоён этиб турган бўлса, қўшни қишлоқ манзарасини ўзида мужассам этган 16 та Пахса уйлар орқали аждодларимизнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўламиз.

Ўтказилган фестиваль доирасида ташкил этилган турли тадбирлар, қардош халқларнинг миллий урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган тарзда саҳналаштирилган саҳна кўринишлари, миллий рақс ва қўшиқлар ижро этилиши, халқимизнинг миллий анъаналари намойиш этилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги