Ўзбекистон иқтисодиётига​ Сингапур фармацевтика компанияси ​кириб келмоқда

Инвестициялар бўйича давлат қўмитасидан маълум қилишларича, Сингапурнинг йирик фармацевтика компанияси «HEALTHCARE PTE.LTD» Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчи.
Хоразм вилоятида Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари С.Бекенов ва компания вакиллари ўртасида айни масалада музокара бўлиб ўтган.
«HEALTHCARE PTE.LTD» Осиё минтақасида етакчи фармацевтика компанияси ҳисобланади. Бугунги кунда компаниянинг Хитой, Камбоджа, Гонконг, Буюк Британия, Таиланд, Филиппин ва Қозоғистонда заводлари фаолият кўрсатмоқда.
Қайд этилишича, музокарада янги лойиҳа тақдимоти ўтказилган.
Ушбу лойиҳага кўра, биринчи босқичда 2018 йилнинг ўзидаёқ мамлакатимизда компаниянинг 40 дан зиёд дори ва ёрдамчи воситаларни етказиб берувчи дистрибьюторлик маркази ташкил этилади. 2019-2020 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда юртимизга «HEALTHCARE PTE.LTD»нинг ишлаб чиқариш ва қадоқлаш технологиялари келтирилиб, гепатит B, C ва ретровируслар, саратонга қарши дори воситалари, биостимулятор ва инъекцияларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Учинчи босқичда, яъни 2021-2022 йилдан компаниянинг барча турдаги маҳсулотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА