Қушнинг ҳам ини бузилмасин

Халқимиз онги азалдан бунёдкорлик ғоялари билан тўйинган. Ўзгаларга зиён етказишдан тийилиш ҳам миллатимиз маърифатига хос хислат. Шунинг учун, “Қушнинг ҳам ини бузилмасин”, дейди доноларимиз. Бироқ, кейинги пайтларда оила аталмиш муқаддас риштанинг қийматига бироз путур етгандек тасаввур уйғотмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, жорий йилда 50 мингта никоҳ қайд қилинган бўлса, шунинг 30 мингтаси ажримга ариза топширган. Ачинарлиси, шуларнинг асосий қисми фикрини ўзгартирмаган. Буни кичик ва тушунарли рақамларда ифодаласак, 10 та оиладан 6 таси ажралмоқда, дегани. Бунинг сабаблари ўрганилса, деярли ҳеч бири бу муқаддас ришта залворидан устун эмас.
Сир эмаски, нотўғри қарорларга олиб келувчи энг асосий омил илмсизликдир. Шундай экан, оила остонасига қадам қўйиш арафасида бўлган ёшлар учун оила мактаблари ташкил этилиши лозим, наздимизда. Бунда уларнинг маънавиятини юксалтириш, бу муқаддас риштанинг залвори, масъулияти ва афзалликлари ҳақида жамиятда ўрнак бўлаётган илм кишиларидан сабоқлар олишлари манфаатли омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Олимларимизнинг тадқиқотларига кўра, ўзбекистонликларда дунёда номаълум бўлган ўнлаб ген ўзгаришлари аниқланди. Бунда ирсиятнинг ўрни муҳимлиги қайд этилиб, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг хавфлилиги айтилган.
Кўриниб турибдики, оилаларнинг эрта бузилишига, фарзандларнинг нуқсон билан туғилишига қариндошлар билан ўрнатилган никоҳ ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ҳукуматнинг маълум қонунларига бўйсунмаётган аҳоли қатламига муносиб ва муқаррар жазо қўллаш лозиммикан деган хулосага ҳам келасан, киши. Қолаверса, эрта турмуш ҳам курашиб келинаётган энг хавфли иллатдир.
Таъкидлаш жоизки, тўй ва шунга ўхшаш маросимларни ўтказишни тартибга солиш, ёшлар онгида оила аталмиш азиз даргоҳнинг залворини сингдириш йўлида улкан саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Зора мустаҳкам ва фаровон оилалар кўпайиб, ажримлар сони камайса!?
Шербек Исломов,
ЎзА