Инсон доим мусиқа билан ҳамнафас яшайди

Инсон туғилибдики, бевосита мусиқа билан ҳамнафас яшайди. Борлиқнинг бор таровати, кўнгилнинг нозик торларидан тараладиган маҳзун ёки шодон садолар она алласида жамланиб, унинг руҳига қўшиқ бўлиб сингади. Эҳтимол шунинг учундир улғайган сари киши гўё қўшиқлар билан улғаядигандай.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, мусиқага бўлган эҳтиёж инсонда табиий тарзда шаклланади. Негаки, юракнинг уриш меъёри ҳам мусиқанинг бир кўриниши, аслида. Шу сабабдан киши мусиқа тинглаганда қон айланиш тизими яхшиланади.
Агар мусиқа темпи юрак уришидан сезиларли даражада юқори бўлса, бу тингловчига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Унинг фан сифатида шаклланиши олис тарихга бориб тақалади. Бизнинг қомусий олимларимиз ҳам унинг ривожига улкан ҳисса қўшганлар. Хусусан, Ибн Сино, Форобий шулар жумласидан. Ҳаттоки шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам мусиқага оид асар яратган.
Замонлар оша у ҳам тараққий этиб келмоқда. Бироқ, бугунги кунда ўзбек мусиқасида анча сифатсиз асарларнинг кўпаяётгани ачинарли ҳол. Бунга соҳада чуқур билимга эга бўлмаслик, истеъдодни меҳнат билан янада ривожлантирмаслик сабаб десак, адашмаган бўламиз.
Машҳурликка интилиш оқибатида ижро маҳорати, бастакор салоҳиятига эмас, балки технологияга таянилмоқда. Ҳаттоки, сунъий интеллект ёрдамида юзага келган қўшиқлар ҳам кенг оммага тақдим этилмоқда. Табиийки, булар санъат асари дейишга арзимайди. Бу албатта, фожиа.
Аммо ўзбек миллий мусиқасига муҳаббатли, унинг сир-асрорларини устозлардан босқичма-босқич ўрганиб келаётган ижодкорлар ҳам талайгина. Бу эса қувонарли ҳол. Маълумки, соз ва сўзни бир нуқтада туташтира олган ижодкор ҳақиқий санъаткор саналади. Ана шундагина у яратган асарни том маънода санъат асари дейиш мумкин.
Таъкидлаш лозимки, бой мусиқий меросимизни ўрганиш ва уни келажак авлодга муносиб етказиш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда. Мақом, миллий эстрада, бахшичилик санъатини ривожлантириш мақсадида турли халқаро фестиваллар ўтказилиши мунтазам амалга оширилмоқда.
Ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг янада ўсиши учун имкониятлар яратилиб, тизимли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Бунинг натижаси ўлароқ, халқаро майдонда турли ёш тоифасида турли йўналишларда ижодкорларимиз нуфузли танловларда совриндор бўлишмоқда. Бу эса олиб борилаётган ислоҳотлар бесамар кетмаётганидан далолат.
Шербек Исломов, ЎзА