Марказий Осиёда уран объектларини рекультивация қилиш бўйича халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда
Бугун Тошкент шаҳрида Уран мероси объектлари бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг (CGULS) йиллик йиғилиши ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий ва хорижий ташкилотлар масъуллари, мутахассислар иштирок этмоқда.
Қайд этилганидек, бугунги кунда уран мероси билан боғлиқ экологик ва хавфсизлик масалалари бутун дунё миқёсида долзарб аҳамият касб этмоқда. Уран қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнларидан қолган объектлар нафақат атроф-муҳит, балки инсон саломатлиги учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис, турли мамлакатлар ушбу соҳада самарали ечимларни излаш, илғор тажрибалардан фойдаланиш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш йўлида бирлашмоқда. Айниқса, бу борадаги халқаро тажриба Марказий Осиёда уран билан ифлосланган объектларни рекультивация қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Шундан келиб чиқиб, йиғилишдан кўзланган мақсад иштирокчи давлатлар ўртасида уран объектларини тартибга солиш, эксплуатация қилиш ва рекультивация қилиш соҳасидаги тажриба алмашинувини йўлга қўйишдан иборат. Тадбир давомида радиация хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва уран қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш фаолияти натижасида зарар кўрган ҳудудларни барқарор тиклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса иштирокчиларга соҳадаги ютуқлар ва мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш, шунингдек, ХАЭА доирасидаги CGULS лойиҳаси бўйича ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш имкониятини беради.
Йиғилишда ХАЭАга аъзо давлатлар вакиллари уран объектларини бошқариш ва хавфсиз эксплуатация қилиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Бу каби тажриба ва билим алмашинуви Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда дунёнинг бошқа минтақалари ўртасида самарали ҳамкорликни кучайтириш, умумий ёндашувлар ва илғор ечимларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ёқуббеков таъкидлаганидек, Тошкентда Уран мероси объектлари бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг йиллик йиғилишини ўтказиш Ўзбекистоннинг ядро ва радиация хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги фаол позициясини яққол намоён этади.
–Унга кўра, мазкур тадбир уран саноати мероси билан хавфсиз муомала қилиш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва минтақа давлатларининг барқарор ривожланишига қаратилган умумий чора-тадбирларни мувофиқлаштириш учун муҳим халқаро майдон сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Шу билан бирга, бу каби йиғилишлар Ўзбекистонга халқаро шериклар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, тажриба ва илғор ечимлардан самарали фойдаланиш имконини беради, – деди С.Ёқуббеков.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилиш ўз ўшини 10 октябрга қадар давом эттиради.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА