Энди вазир ва ҳокимликка номзодлар антикоррупция бўйича режасини ҳам тақдим этади

165

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси ҳукумат аъзолари ва маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарларининг коррупцияга қарши курашишдаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, улар томонидан бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасига мувофиқ, ҳоким лавозимига номзод тегишли халқ депутатлари Кенгашида номзоди кўриб чиқилаётганда, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури билан бир қаторда, ҳудудда коррупциянинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар режасини ҳам тақдим этиши лозим бўлади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар Қонунчилик палатасида номзоди кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда, ўз фаолият дастури билан бирга тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режасини ҳам тақдим этиши белгиланмоқда.

Муҳокамаларда фракция аъзолари қонун лойиҳасидаги нормаларнинг аҳамиятига тўхталар экан, коррупцияга қарши курашишда фақат жазо чоралари эмас, балки масъул раҳбарларнинг дастурий ёндашуви ҳам муҳимлигини таъкидладилар. Номзодлардан шундай режаларни тақдим этиш талабининг белгиланиши тизимда очиқлик ва жавобгарликни кучайтиришини билдирдилар. Шунингдек, раҳбар лавозимларга тавсия этилаётган шахсларнинг давлат хизматини очиқлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида амалга оширишга бўлган масъулиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА