“Ватандош” картасига эга ҳамюртларимизга давлат божида имтиёзлар берилади

149

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан доимий ҳамкорликни ривожлантириш, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини рағбатлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Бу борада Президентимизнинг 2024 йил 20 ноябрдаги тегишли қарори билан юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этишга интилаётган ватандошларни муносиб рағбатлантириш мақсадида “Ватандош” гувоҳномаси ва “Ватандош” карталари жорий этилди.

Эндиликда “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига мазкур карта эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида кўрсатиладиган айрим давлат хизматлари учун давлат божидан озод этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, “Ватандош” картаси эгалари турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганда, уларнинг оила аъзолари амалдаги виза муддатини кўп марталик қилиб узайтирганда, шунингдек, турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганда ва рўйхатга олинган муддатини узайтирганда, давлат божидан озод этилиши назарда тутиляпти.

Ушбу тартибларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилди.

Муҳокамалар давомида депутатлар мазкур қонун лойиҳаси хорижда яшаб, фаолият олиб бораётган ватандошларимиз билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшаётган ҳиссасини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, ватандошларимизга Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишлари учун қулай ҳуқуқий, ижтимоий шароитларни яратишга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА