Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда

209

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси бугун ўз ишини давом эттирмоқда. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда. Мажлис жараёнлари Сенатнинг YouTube тармоғидаги расмий саҳифаси орқали онлайн ёритилмоқда.

Ялпи мажлис биринчи иш кунида масъулияти чекланган жамиятлар, ноширлик фаолияти, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари янада жадаллаштирилиши, кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш, транспорт хизмати кўрсатишни такомиллаштириш, таълим хизматларини кўрсатишни тизимлаштиришга қаратилган қонунлар маъқулланди.

“Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун ваколатли органнинг ваколатлари ва вазифалари очиб берилмагани ва бошқа камчиликлари борлиги учун рад этилди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунида парламент назорати доирасидаги қатор масалалар, хусусан, Бош прокурорнинг прокуратура органларининг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза эшитилади.

Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида, талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ўқувчиларни сифатли дарсликлар билан таъминлаш юзасидан тегишли ташкилотларга парламент сўровлари юборишга оид масалалар муҳокама этилади.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва соҳада илм-фан ютуқларини жорий қилиш бўйича парламент сўрови натижалари, Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.

Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!

Н.Абдураимова,

Н.Ҳайдаров (сурат),

ЎзА