Абдулла Қаҳҳор истиқлол адабиётшунослиги кўзгусида

Марҳабо Қўчқорованинг «Академнашр» нашриётида чоп этилган «Абдулла Қаҳҳор истиқлол адабиётшунослиги кўзгусида» номли китоби Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов ва яна бир қанча қаҳҳоршунослар ишига қўшилган кичик бир улушдир. Мазкур янги тадқиқот Абдулла Қаҳҳор уй-музейи архивида олтин фонд сифатида сақланаётган ёзувчи қўлёзмалари, дафтарлари, кундаликлари, турли ҳужжатлар, мактублар мазмуни, тадқиқи ва талқинлари билан бойитилган. Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 111 йиллигига бағишланган монографиянинг мазмун ва мундарижаси ўқувчилар учун қизиқарли ва фойдалидир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Абдулла Қаҳҳор уй-музейи ҳамда Маданият ва санъат кўргазмаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир ушбу китоб тақдимотига бағишланди.
6.JPG
Тадбирда ёзувчи-шоирлар, талаба-ёшлар, санъаткорлар иштирок этди. Ардоқли ёзувчимизнинг «Сароб», «Қўшчинор чироқлари» романларидан тортиб юзга яқин ҳикоялари, «Қотилнинг туғилиши», «Олтин юлдуз», «Синчалак», «Муҳаббат», «Зилзила» қиссалари-ю гўзал бадиий публицистик ҳикояларининг барча-барчаси халқимиз қалбидан чуқур ўрин олгани эътироф этилди.
– Абдулла Қаҳҳор ҳақида ўзбек адабиётшунослигида ҳам, хорижда ҳам кўп тадқиқотлар амалга оширилган, – дейди Марҳабо Қўчқорова. – Ўйлайманки, ҳар бир янги тадқиқот ўз ўрнини топади. Мақсадимиз Абдулла Қаҳҳор ижодий лабораториясига адиб уй-музейида сақланаётган қатор ҳужжатлар – кундаликлар, қўлёзмалар, дафтарлар, мактублар, телеграммалар асосида кичик бўлса-да, янги бир фикр айтишдир.
14.JPG
Тадқиқотда Абдулла Қаҳҳорнинг автобиографик асари – «Ўтмишдан эртаклар»даги биографик ва руҳий деталлар унинг ўнлаб ҳикоялари сюжетига айлангани аниқ мисоллар билан таҳлил этилган. Шунингдек, мазкур қиссада номлари тилга олинган реал, тарихий кишиларнинг кун келиб Абдулла Қаҳҳор адабий қаҳрамонларига айланганини ҳужжатлар, далиллар билан исботлашга ҳаракат қилинган. Шу кунгача Абдулла Қаҳҳор ижодига гоҳ Чехов, гоҳ Максим Горький, гоҳ Жек Лондон каби машҳур адибларнинг ижодий-ижобий таъсирлари хусусидаги фикрларни инкор этмаган ҳолда, Абдулла Қодирий асарлари ҳам катта таъсир кўрсатганини айтиш жоиз. Китобдаги шунга ўхшаш таҳлиллар тадқиқот самарасини оширган.

 

Моҳигул Қосимова, Аъло Абдуллаев (сурат) ЎзА