Боғ ва далаларда фитосанитар назорат кучайтирилади

Республикамизда зарарли организмларга қарши ўз вақтида самарали курашиш тадбирларини ташкил этиш ва фитосанитар хавфсизликни таъминлаш мақсадида 2025 йил 7 июлдан 7 августгача «Долзарб ўттиз кунлик» ўтказилади, – деб хабар бермоқда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот хизмати.
Бунда қуйидаги зарарли организмларга қарши тизимли кураш чоралари олиб борилади:
«Шарқ мевахўри» ((Grapholitha molesta) – мевали боғларда мевалар ичида қуртлар ривожланиб, мевани чиритади. Экспортга тайёрланаётган маҳсулот учун катта иқтисодий зарар келтиради.
«Қовун пашшаси» (Carpomya pardalina Bigot) – полиз экинлари сифати ва миқдорини кескин пасайтиради, маҳсулотнинг экспорт кўрсаткичларига таъсир қилади.
«Сариқ ўт» (Cuscuta.sp) – илдизмевали ёввойи ўт бўлиб, у маданий экинларнинг ўсишига жиддий тўсқинлик қилади. Тез кўпаяди ва ер ости илдизи орқали кўп йиллар яшайди.
«Судралиб юрувчи какра» (Acroptilon repens D.C) – пахта, ғалла, полиз экинлари далаларида учрайди ва уларнинг ўсишига тўсқинлик қилади.
«Долзарб ўттиз кунлик» доирасида қўшма тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, уларнинг амалга оширилиши бўйича тизимли назорат олиб борилади. Давлат инспекторлари томонидан полиз экинлари далаларида ва зарарли ўтлар тарқалиши мумкин бўлган майдонларда назорат кучайтирилиб, дала назорати электрон дастури орқали ҳисобот юритилади.
Фитосанитар дала назоратини амалга ошириш давомида аниқланган зарарли организмларга қарши ўз вақтида курашиш ишларини олиб бормаган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан чора кўрилади.
«Сариқ ўт» ва » Судралиб юрувчи какра» ёввойи ўтлар тарқалишининг олдини олиш учун боғдорчилик ва деҳқончилик хўжаликларида, шахсий томорқа, корхона, ташкилот, катта йўл бўйлари ва бошқа майдонларда карантин тадбирлари ўтказилади.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.