Ч.Абдиров номидаги маданият саройида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қурилиш факультети ташаббуси билан «Ўзбекистон – умумий уйимиз» шиори остида «Биз бир оила фарзандларимиз» мавзусида миллатлараро тотувлик ва дўстлик фестивали бўлиб ўтди.
Фестивальда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Т.Атамуратов, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори С.Алаўатдинов ва қурилиш факультети декани Т.Узақовлар мамлакатимизда халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган давлат сиёсатини қизғин қўллаб-қувватлаб, бу борада Президентимиз раҳбарлигида кўплаб ижобий чора-тадбирлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
– Университетимиз Ўзбекистондаги энг йирик олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, бугунги кунда ўқув даргоҳимизда 27 мингдан ортиқ талаба-ёшлар таҳсил олмоқда, – деди университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори С.Алаўатдинов. Ўтказилаётган ушбу фестиваль ана шундай ҳамжиҳатликнинг ёрқин ифодасидир.
Тадбир давомида фестиваль доирасида ўтказилган бир қатор танловларда фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган талабалар ва уларнинг ота-оналарига ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом, сертификат ва Ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.
Фестиваль Қурилиш факультети талаба-ёшлари ва «Ҳурлиман» ансамбли аъзолари томонидан тайёрланган халқлар дўстлигини акс эттирувчи концерт дастури билан жуда қизиқарли ўтди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.