Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тажриба тариқасида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани тадбиркорларини паспортлаштириш жараёнини бошлаб юборди.

Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётган бўлиб, унда давлат солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари белгиланган.

Қарорда хусусан, 2018 йил 1 октябрдан давлат солиқ хизмати органлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўладиган кўздан кечириш далолатномасини тузиш орқали солиқ тўловчиларнинг паспортлаштирилиши юритилиши белгиланган.

Давлат солиқ қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 54 маҳаллада тажриба тариқасида тадбиркорлар паспортларини тузиш тадбирлари ўтказилмоқда. Бунда солиқ органлари ходимлари томонидан корхоналарнинг белгиланган манзилда жойлашгани, компания фаолияти тури ўрганилмоқда, ходимлар сонини кўрсатилган ҳисобот билан таққосланиб, ҳужжатсиз меҳнат қилаётган тадбиркорлар аниқланмоқда.

Шу мақсадда Мирзо Улуғбек тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан 17 ишчи гуруҳи тузилди. Унинг таркибига шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги молия бўлими, туман тижорат банклари, давлат солиқ бошқаруви ва инспекцияси ходимларидан иборат 170 нафар киши кирган.

Бугунги кунда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида қарийб 8 минг нафар хўжалик субъекти рўйхатдан ўтган. Уларнинг 6 минг нафардан зиёди юридик шахслар ва қарийб 2 минг нафари якка тартибдаги тадбиркорлардир.

Ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан шу кунгача 6 минг нафардан ортиқ тадбиркорнинг паспорти тузилиб, маълумотлар базаси шакллантирилди. Шулардан 1172 нафари чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари, 342 нафари умумий овқатланиш, 576 нафари ишлаб чиқариш фаолияти, 238 нафари қурилиш, 2554 нафари хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қилаётган тадбиркорлар, 1035 нафари якка тартибдаги тадбиркорлардир.

Бу каби тадбирлар самарасида мунтазам солиқ тўлашдан бош тортувчи шахслар аниқланади. Шунингдек, бу солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш имконини беради.

 

Роман Бондарчук, ЎзА