Ўзбекистон – Миср ҳамкорлигида янги босқич бошланмоқда

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сиси 4-5 сентябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 5 сентябрь куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси тор доирада учрашув ўтказди.

Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни қутлаб, ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларда тарихий воқеа эканини таъкидлади.

– Биз Мисрни қадимий цивилизация бешиги, бой тарих ва юксак салоҳиятга эга мамлакат деб биламиз. Халқларимизнинг маданий яқинлиги жуда қадим замонларга бориб тақалади. Ота-боболаримиз биргаликда илм-фанни ривожлантирган, маданий ҳамкорлик, савдо-сотиқ қилган. Бунга тарихда мисоллар жуда кўп. Бугун Ўзбекистон – Миср ҳамкорлигида янги босқич, амалий ишлар даври бошланмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

– Аввало, Ўзбекистонга таклифингиз учун ташаккур изҳор қилмоқчиман, – деди Абдулфаттоҳ ас-Сиси. – Мамлакатингизга келган илк дақиқаларданоқ ўзимни юртимдагидек ҳис қилдим. Миср халқи мамлакатимиз билан минг йиллик муштарак тарихга эга Ўзбекистон ва унинг халқини ғоят ҳурмат қилади. Ўйлайманки, бу ташриф нафақат ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, балки барча соҳаларда улкан юксалишларга туртки беради. Биз муносабатларимизни ҳар томонлама ривожлантириш тарафдоримиз.

Ўзбекистон ва Мисрни, гарчи орадаги масофа узоқ бўлса-да, тарихий-маданий муштараклик, анъанавий дўстлик ва яқин ҳамкорлик бирлаштириб туради. Миср Президентининг мамлакатимизга илк ташрифи ана шу азалий алоқаларни бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, янги асосда равнақ топтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мамлакатларимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2016 йил октябрь ойида Тошкентда ўтган 43-сессиясида Миср делегацияси иштирок этди. Ушбу мамлакат етакчи экспертлари юртимиздаги сайловларда кузатувчи сифатида мунтазам қатнашиб келмоқда.

Минтақавий ва глобал масалаларга ёндашувлар ҳам ўхшаш ёки яқин. Ўзбекистон ва Миср Афғонистонда фақат ушбу мамлакат халқи томонидан тинчлик ўрнатиш жараёнлари амалга оширилиши тарафдоридир.

Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, бу масалалар бўйича ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиб боришга келишиб олинди.

Президентлар хавфсизлик муаммоларига алоҳида эътибор қаратдилар. Терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва бошқа таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ва Миср Президентларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида савдо-сотиқ ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шу мақсадда мамлакатларимиз имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Иқтисодий ҳамкорлик давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарур. Музокараларда таъкидланганидек, савдо ҳажмини яқин йилларда бир неча баробар ошириш учун ҳар икки томонда фойдаланилмаётган улкан имкониятлар мавжуд.

Ўзбекистон Мисрга унинг бозорида талаб юқори бўлган электротехника, машинасозлик, металлургия, кимё ва нефть-кимё, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиши мумкин. Мисрда эса мамлакатимизга дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, гиламлар, мебеллар, нефть-кимё маҳсулотлари, мармар, чинни, тери ва пластик маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятлари юқори.

Икки давлат масъул идораларига савдо айланмасига қулай шарт-шароит яратиш, товар айирбошлаш тузилмасини тўлиқ диверсификация қилиш ва унинг ҳажмини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий изланишлар натижалари ва илғор тажрибани алмашишга келишиб олинди. Ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистон ва Мисрда ўтказиладиган кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиши рағбатлантирилади.

Миср Президентининг ташрифи доирасида ўтган Ўзбекистон – Миср бизнес-форуми ана шу мулоқотларнинг узвий давоми бўлди. Ушбу форумда умумий қиймати 400 миллион доллардан зиёд шартномалар имзоланди. Бу ҳам иқтисодий соҳада улкан имконият ва ресурслар борлигидан далолатдир.

Мамлакатларимиз қадимда Буюк ипак йўлининг асосий тармоқлари бўлган. Бугунги кунда ташқи бозорларга тез ва самарали чиқишни таъминловчи транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш давлатларимиз ўртасида савдо ҳажмини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда халқаро сув йўлаги сифатида Сувайш каналининг аҳамияти беқиёс. Сувайш каналидаги иқтисодий зона Ўзбекистон маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишни енгиллаштиришда қулай имконият яратади.

Ўзаро савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришда ҳудудлараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Музокарада Наманган ва Искандария вилоятлари ўртасида бевосита ҳамкорлик ўрнатиш, яқин кунларда ушбу вилоят делегациясининг юртимизга ташрифини ташкил қилишга келишиб олинди.

Миср туризм соҳасида катта салоҳият ва тажрибага эга мамлакат. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам ушбу тармоқ жадал ривожланмоқда. Музокарада бу соҳадаги алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун Мисрлик сайёҳларни кўпайтириш мумкинлиги қайд этилди. Тошкент, Қоҳира ва Хургада ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.

Мовароуннаҳр ва Миср диёрида яшаб ижод қилган улуғ бобокалонларимизнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон оламининг бебаҳо бойлигидир. Бу ўринда буюк аждодимиз Аҳмад Фарғонийнинг Мисрда яшаб, ўлмас кашфиётлар қилгани, жумладан, Нил дарёси сувини ўлчайдиган иншоот – “Миқёси Нил”ни яратгани бугунги авлодларга юксак ифтихор бағишлайди. Қоҳира шаҳрида, буюк Нил бўйида Аҳмад Фарғоний бобомизга ўрнатилган муҳташам ҳайкал бугун халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликнинг ёрқин рамзига айланган.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик бўйича ҳам ижобий натижаларга эришилди. Мисрнинг Ал-Азҳар университети ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинди.

Музокарада халқларимизнинг маънавий яқинлигини инобатга олиб, қўшма маданий тадбирларни кўпайтириш, айни пайтда, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, сайёҳлик, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Қўшма баёноти қабул қилинди.

Мамлакатларимиз ўртасида ёшлар, спорт, инвестиция, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандумлари, таълим, туризм, археология, маданий мерос ва музейшунослик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга доир битимлар, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2019-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ва адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми сингари жами 12 ҳужжат имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар мулоқотлар очиқ, дўстона ва амалий руҳда ўтганини, ҳамкорликни ривожлантиришга доир кенг қамровли масалалар муҳокама этилганини таъкидладилар. Имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Мисрнинг узоқ муддатли манфаатларига, мамлакатларимизни ривожлантириш ва халқларимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилишини қайд этдилар.

– Миср Президентининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда тарихий аҳамиятга эга бўлди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Биз икки томонлама муносабатларга доир ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашдик. Ишончим комилки, ушбу келишувлар Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан бойитиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни янги, юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

– Ўзаро самимий мулоқот ва Миср делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Президенти ва халқига миннатдорлик изҳор қиламан, – деди Абдулфаттоҳ ас-Сиси. – Бугун имзоланган ҳужжатлар яқин келажакда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва жадаллаштиришга хизмат қилади. Ушбу келишувлар мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бир-бирига муштарак интилишлари самарасидир.

Абдулфаттоҳ ас-Сиси Шавкат Мирзиёевни расмий ташриф билан Мисрга таклиф қилди.

Шу билан Миср Араб Республикаси Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи ниҳоясига етди.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА