Руҳий покланиш, сабр-қаноат, шукроналик фазилатлари улуғланмоқда

Бутун халқимиз бу йилги Рамазон ойини ҳар томонлама муносиб ўтказиб, улуғ айём – муборак Рамазон ҳайитини кўтаринки руҳда нишонлади.

Чиндан ҳам, том маънода инсонпарварлик ғояси акс этган муқаддас ислом динининг эзгу қадриятлари бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга нечоғли ҳамоҳанг экани Рамазон ойида янада яққол намоён бўлмоқда.
Маънавий покланиш, сабр-қаноат, шукроналик, хайр-саховат фазилатлари улуғланадиган ушбу ойни миллий урф-одат ва анъаналаримизга мос равишда юксак савияда ўтказиш, юртимиз мусулмонларининг ибодат амалларини эмин-эркин адо этиши учун барча шароитлар яратилди.

Бу муборак ойнинг «Рамазон – саховат, бирлик ва бағрикенглик ойи» деган ғоя асосида ўтказилгани жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва саховат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар, кекса, ногирон ва ёлғиз инсонлар ҳолидан хабар олиш, камбағал инсонларнинг оғирини енгил қилиш, уй-жойлар ва маҳаллаларни ободонлаштириш, уч авлод вакиллари иштирокида оммавий кўчат экиш тадбирлари ва бошқа кўплаб хайрия тадбирлари ўтказилди.
Жорий йил 30 март куни юртимизнинг барча масжидларида, жумладан, Нукус шаҳридаги «Имом эшон Муҳаммад» жомъе масжидида ҳам муборак Рамазон ҳайити кўтаринки руҳда кутиб олинди. Бу улуғ айёмда барча мусулмонлар бир-бирини байрам билан қутлаб, шундай ажойиб кунларга етказганига шукрона келтирди.

Албатта, бугунги тинч-осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш, жамиятимизда ҳукм сураётган турли миллат ва диний конфессиялар ўртасидаги бағрикенглик, бир-бирига бўлган ўзаро ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлаш барчамизнинг асосий вазифамиздир.
Барча масжидларда имом-хатиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тақдим этилган «Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!» тезиси остида маъруза қилиб, динимиздаги улуғ байрамлардан бири – Ийдул-фитр куни ибодатлари, савоби, фазилатлари ҳақида маълумотлар берди.

Рамазон ойи ва ҳайити муносабати билан 3492 нафар кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган инсонлар ва ёлғиз кексаларга 1 миллиард 967 миллион 492 минг сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Рамазон ҳайити намози республикамиздаги 64 та масжидда ўқилди. Ҳайит намозида жами 38 мингдан ортиқ киши қатнашди. Намозда ватанимиз равнақи, юртимиз фаровонлиги, халқимиз тинчлиги учун дуо қилинди.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
М.Ҳабибуллаев олган суратлар.