Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги байрами арафасидаги фармонларига мувофиқ, мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасидаги улкан хизматлари учун бир қатор чет эл фуқаролари Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган эди.

31 август куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта чет элликларга Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Унда Президент Шавкат Мирзиёев бугун кўп миллатли халқимиз Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигини кенг нишонлаётганини, ушбу тарихий санани биз билан биргаликда давлатимизнинг кўп сонли дўстлари ва шериклари – дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, йирик хорижий компаниялар ва молия институтлари вакиллари байрам қилаётгани ҳаммамизни қувонтиришини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда Ўзбекистон фаол ташқи сиёсат юритмоқда. Россия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Япония, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли алоқалар жадал ривожланмоқда. Дунёнинг етакчи компаниялари, халқаро ташкилотлар мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик қилаётир.

Жорий йилда қўшни давлатлар билан муносабатлар янада фаоллашди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан жорий йил март ойида Остона шаҳрида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви ўтказилди. Айни пайтда Тожикистон Республикаси билан ҳамкорлигимиз стратегик даражага кўтарилди. Мамлакатларимиз Президентларининг азму шижоати ва узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати туфайли дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида тарихий ютуқларга эришилди.

Давлатимиз раҳбари чет эллик ҳамкорларимизга Ўзбекистон билан муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Россиянинг «USM Holding» акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари Алишер Усмановга «Эл-юрт ҳурмати» ордени, Россиянинг «ЛУКОЙЛ» очиқ акциядорлик жамияти президенти Вагит Алекперов, Германиянинг «КНАУФ» корхоналари гуруҳи иштирокчилари кенгаши аъзоси Николаус Кнауфга «Дўстлик» орденлари, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинга “Фидокорона хизматлари учун” орденлари, Тожикистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим, Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари малакасини ошириш институтининг кардиожарроҳлик кафедраси мудири Тошпўлат Гулмуродовга “Меҳнат шуҳрати” орденлари, Тожикистон Республикаси Фанлар академияси Қўлёзмалар мероси фонди бўлим мудири Али Муҳаммадиев, Тожикистон Республикаси Геодезия ва ер бошқаруви давлат қўмитасининг чегараларни делимитация ва демаркация қилиш давлат геодезия назорати инспекцияси бошқармаси бошлиғи Ифтихор Жўраев, Тожикистон Республикаси Фанлар академиясининг С.Умаров номидаги физика ва техника институти бош ходими Раҳим Марупов, Тожикистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳасан Бердиқуловга “Дўстлик” орденлари, С.Айний номидаги опера ва балет академик театри давлат муассасаси бадиий раҳбари Адҳам Холиқов, Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Телевидение ва радио қўмитасининг “Фалак” давлат ансамбли бадиий раҳбари Давлат Холовга “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвонларини тантанали равишда топширди.

Россиянинг «USM Holding» акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари Алишер Усманов, Россиянинг «ЛУКОЙЛ» очиқ акциядорлик жамияти президенти Вагит Алекперов, Германиянинг «КНАУФ» корхоналари гуруҳи иштирокчилари кенгаши аъзоси Николаус Кнауф ва Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода Ўзбекистон бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорлик мақсадида барча давлатлар, айниқса, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб, юксак эътибор учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирди.

* * *

Президентимиз фармонларига мувофиқ, мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, ўз соҳаларида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройида ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Президентимиз йиғилганларни Мустақиллик байрами, давлат мукофотларига сазовор бўлгани билан табриклади.

– Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврига, янги босқичига қадам қўйдик. Келажагимизни Ҳаракатлар стратегияси асосида ўз қўлимиз, ўз кучимиз билан барпо этмоқдамиз. Одамларни рози қилишни бугунги сиёсатимизнинг бош мақсади, деб биламиз. “Ўсиш”, “ривожланиш” деганда фақат рақамларга, миқдор кўрсаткичларига эмас, аввало, улар одамларнинг кундалик ҳаётида, уйи ва дастурхонида қандай намоён бўлаётганига устувор аҳамият қаратмоқдамиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугунги кунда барча жабҳаларда улкан ўзгариш ва янгиланишлар рўй бермоқда. Мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу ишларга муносиб ҳисса қўшаётган, ўзининг фидокорона меҳнати, Ватанга садоқати билан эл-юртга намуна бўлаётган инсонлар хизмати муносиб қадрланмоқда. Турли саналар ва касб байрамлари муносабати билан ўнлаб фидойи юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида турли саналар муносабати билан кўплаб ватандошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Мустақиллик байрами арафасида улар сафи янада кенгайди.

– Сизларнинг кўпчилигингизни яқиндан танийман. Ҳар бирингизни ўз меҳнати, жонкуярлиги ва ташаббускорлиги билан барчага ўрнак бўлаётган ҳурматли инсонлар сифатида қадрлайман, – деди Президентимиз. – Барчангизга тилагим битта – мана шундай ютуқ ва зафарларни қўлга киритишдан ҳеч қачон чарчаманг.

Давлатимиз раҳбари мукофотланганларни яна бир бор Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами билан муборакбод этди ва уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, меҳнат фаолиятида улкан зафарлар тилади.

ЎзА