
Ҳар биримиз ҳаётида шундай воқеа, лаҳзалар бўладики, улар бизнинг ўй-хаёлимиздан, қолаверса қалбимиздан ҳеч қачон ўчмайди, мангу сақланиб қолади. Менинг ҳаётимда ҳам шундай воқеалар кўп бўлган. Бугун ана шулардан бирини эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
1992 йилнинг сентябрь ойидан Ўзбекистон радиосининг Адабиёт муҳарририятида иш бошладим. Мазкур муҳарриятда бу пайтга келиб, Орзиқул Эргаш, Эркин Усмонов, Шойим Бўтаев каби ёзувчилар, Рустам Ғани, Минҳожиддин Мирзо, Тоир Юнус сингари шоирлар ишлашарди. Орадан кўп ўтмай мен ҳам ўзимнинг “Бир асар тарихи” деб номланган муаллифлик эшиттиришимни йўлга қўйдим ва унинг илк сонини Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” шеъри тарихига бағишлашга қарор қилдим. Чунки мазкур шеър ўша вақтда жуда машҳур бўлиб, тилдан тилга кўчиб юрарди.
У пайтлар Абдулла ака Ўзбекистон Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги (ҳозирда Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш департаменти) директори вазифасида хизмат қиларди. Устозга телефон қилиб, мақсадимни тушунтирдим. У киши рози бўлгач, “Ишхонага келақол” дедилар. Тезда етиб бордим. Бир соатга яқин вақт ичида суҳбат якунланди. Худди шу ерда мазкур суҳбатда баён этилган устознинг айрим гапларини эътиборингизга ҳавола этсам. “Бу шеърни 60-йилларда бошлаганман. Унинг дастлабки 15-20 қатордан иборат парчалари Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) нинг газетасида босилиб чиққан. Шеърнинг илк сатрлари “Тоғларини куйлайди Расул, Қанотида кумуш диёри” дея бошланарди…” “Мен шеърда ўша пайтларда юртимизни босиб олган босқинчиларнинг айримларини санаб ўтганман:
Сени Чингиз ғазабга тўлиб,
Йўқотмоқчи бўлди дунёдан,
Жалолиддин самани бўлиб,
Сакраб ўтдинг Амударёдан”…
“ Ўқувчида нега бошқа босқинларни айтмагансиз?” деган савол туғилиши мумкин. Ахир у вақтда қизил аждаҳонинг оғзида туриб, яшаган кунларимиз эди. У пайтда бу борада гапиришнинг ўзи мумкин эмасди”. “…Мен ўз ижодимда бир қадар яхлит, бир қадар кўнглим тўладиган шеърларимдан бири деб, ана шу “Ўзбекистон” қасидасини биламан…”
Ишхонага келгач, ҳамкасбларимга суҳбат яхши ўтганлигини айтдим. Шунда улар: “Абдулла ака шеърни ҳам ўқиб бердиларми” деб қолишди. Мен уларга шеърни актёрлардан бирига ўқитаман дедим. Улар эса: “Шеърни Абдулла аканинг ўзи ўқиса яхши бўларди, чунки ҳеч ким шоирнинг ўзи каби чиройли ўқиёлмайди” дейишди. Шундан сўнг, Абдулла акага яна қўнғироқ қилиб, “шеърни ўзингиз ўқисангиз яхши бўларди, кўпчилик шундай бўлишини исташяпти” дедим. Абдулла ака рози бўлгач, у кишини студияга таклиф қилдим. Шунда Абдулла ака: “Ўзинг уйга келақол. Радиога боргач, мен сизларни қидириб юрмайин” деди. Ўшанда Абулла ака “Болалар дунёси” яқинидаги тўрт қаватли уйда яшар ва бу жой радиога унча узоқ эмас эди. Бориб, Абдулла акага қўнғироқ қилдим. Устоз кўп куттирмай, пастга тушдилар. То радиога етгунча, уёқ-буёқдан гаплашиб келдик. Радиога келгач, учинчи қаватда жойлашган 16-студияга кўтарилдик. Студияда ишлаётган қиз ғоятда банд эканлигини, ҳозир янги ёзув бошланишини айтди. Иложсизликдан яна қайтадан биринчи қаватдаги студияга тушдик. У ерда русийзабон Темур деган татар йигит ишларди. Мен унга Абдулла ака шошиб турганлигини, ишни тезроқ бошлаш кераклигини тушунтирдим. Шундан сўнг ёзув бошланди. Абдулла ака энди шеър ўқишни бошлаган ҳам эдики, Темур бирдан «Стоп!» деса бўладими, Абдулла ака тўхташга мажбур бўлди. Рухсат берилгач, устоз ўқишни давом эттирди. Орадан унча кўп ўтмасдан яна операторнинг «Стоп!» деган буйруғи жаранглади. Бу гал устоз саволли ва норози нигоҳ билан менга қаради. Мен у кишига тасма сал эскирганлигини, унинг уланган жойлари борлигини айтдим. Шунда Абдулла ака: “Мен тушундим. Лекин огоҳлантириб қўяй, яна бир марта тўхтатсаларинг, қайта ўқимайман, кетаман. Чунки шошиб турибман” деди. Мен бу гапдан сўнг хавотирга тушдим. Ахир бу эшиттириш боя айтиб ўтганимдек, радиодаги илк эшиттиришим эди. Яна бу ҳолат эл севган, машҳур шоир Абдулла Орипов билан юз беришини хаёлимга ҳам сиғдиролмасдим. Абдулла ака яна ўқишга тутинди. Минг афсуслар бўлсинки, яна Темурнинг ўша “Стоп” деган овози янгради. Тўғри, бу ерда Темурнинг ҳеч қандай айби йўқ эди. Чунки у сифатсиз ёзса, барибир бу эшиттириш эфирга берилмасди. Ҳамма айб эски, қайта-қайта уланган тасмада эди. Абдулла ака ўзи айтганидай пальтосини кийиб, студиядан шиддат билан чиқиб кетди. Мен эса у кишининг ортидан югурдим. Шунда олдимиздан шоир, ҳамкасбим Рустам Ғани чиқиб қолди. Вазиятни унга қисқача тушунтирдим. У киши дарров устоз билан сўрашиб, унинг қўлтиғидан тутиб, учинчи қаватдаги, биринчи борганимиз, 16-студияга бошлади. Мен дарров ҳали ишлатилмаган янги бир тасмани Барно исмли оператор қизга бердим. Устоз пальтосини ҳам ечмасдан, стулга ўтирдилар. Операторнинг ишораси билан ёзув бошланди. Абдулла ака 150 мисрадан иборат катта бир шеърни ўқиш жараёнида бирор марта ҳам адашмади, оператор ҳам у кишини тўхтатмади. Шеър ғоятда сифатли ёзиб олинди. Тез орада суҳбат ва шеър эфирга узатилди ва кўпчиликнинг олқиш, эътирофига сазовор бўлди. Айни пайтда бу эшиттириш Ўзбекистон радиосининг олтин фондида сақланмоқда.
Туроб НИЁЗ, Ўзбекистон
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси