Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан чоп этилган “Олтин қаламли журналистлар” китобининг тақдимоти ўтказилди.

Тадбирга мамлакатимизда кўзга кўринган устоз журналистлар, медиа соҳасининг вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Тақдимотни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б.Холмурод Салимов очиб, “Олтин қаламли журналистлар” китобининг нашрга тайёрлаш жараёнлари ҳақида маълумот берди.

—Янги Ўзбекистоннинг янги журналистикасини яратиш бўйича иш олиб борар эканмиз, бу жараёнда журналистиканинг асоси ҳисобланмиш босма оммавий ахборот воситаларини ривожлантирмай, газета ва журналларимизда ранг-барангликни таъминламай туриб, мақсадга – миллий журналистикамиз равнақига эришиб бўлмайди, — деди Холмурод Салимов. –  Журналистиканинг турли жанрларида ўқишли материаллар ёза оладиган устозлар  ҳаётлигида “Устоз-шогирд” анъанаси асосида уларнинг тажрибасини ёшларимизга ўргатиш, қизиқишини ошириш бўйича бир қатор ишларни бажариш муҳимдир. Ана шу ишлар доирасида устоз журналистлар, “Олтин қалам” танлови ғолиб ва совриндорларининг турли жанрларда маҳорат билан ёзилган энг сара материалларидан намуналарни йиғиб, китоб ҳолида чоп этиш ғояси пайдо бўлди. “Олтин қаламли журналистлар” номини олган ушбу тўплам ижодкорларга бу борада зарур қўлланма сифатида хизмат қилади.

Тақдимот тадбирида “Янги Ўзбекистон” ва «Правда Востока« газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, “Ишонч” ва “Ишонч – Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, таниқли журналист ва публицист Хуршид Дўстмуҳаммад, устоз фотоижодкор Абдуғани Жума, “Гулистон” журнали бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқулов, “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Абдурасул  Жумақулов Журналистлар уюшмасининг мазкур янги ташаббусининг аҳамияти  хусусида батафсил тўхталди.

—Дарҳақиқат, бугунги кунда миллий журналистикамизда фельетон, журналистик суриштирув жанрлари жуда кам, деярли учрамаяпти, — деди “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири, таниқли журналист Абдурасул Жумақулов. – Биз – ижодкорлар сўзнинг қадрини баланд кўтармоғимиз керак. Бугун тақдимоти бўлиб ўтаётган китоб миллий журналистикамизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этади.

Уюшма томонидан минг нусхада чоп этилган мазкур китобга 50 нафарга яқин устоз журналистларнинг публицистика, журналистик суриштирув, очерк, фельетон каби 8 та жанр бўйича энг сара материаллари киритилган. Шунингдек, китобдан 9 нафар маҳоратли фотожурналистларнинг турли ракурслардан олинган 70 га яқин фотометариаллари ўрин олган.

Айтиш керакки, ушбу китобни яратишда Абдусаид Кўчимов, Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўткир Раҳматов, Шерзодхон Қудратхўжа, Салим Дониёров, Ҳалим Саидов каби устоз журналистлар, атоқли қаламкашлар билан бамаслаҳат иш олиб борилди.

Маълум қилинганидек, эндиликда уюшма томонидан ҳар йили “Олтин қаламли журналистлар” серияси остида китоб нашр этиб борилади.

Тадбир якунида Уюшмага янги қабул қилинган аъзоларга гувоҳномалар топширилди.

Назокат Усмонова,  

Отабек Мирсоатов (сурат),  

ЎзА