JICA лойиҳалари парламентлараро алоқалар ва инсон ресурсларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Бито Ёшибуми билан учрашди.
Мулоқот давомида жорий йил январь ойида JICA Президенти А.Танакининг Ўзбекистонга ташрифи ва Президент Ш.Мирзиёев билан учрашуви муҳим воқеа бўлгани ва Агентлик билан самарали ҳамкорлик тарихида янги босқич очилгани эътироф этилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса, JICAнинг турли ўқув лойиҳалари парламентлараро алоқалар ва инсон ресурсларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Маълумки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги 50 йилдан ортиқ вақт давомида ривожланаётган мамлакатларнинг мустақил ва барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга кўмаклашиб келмоқда.

Жорий йилда давлат бошқаруви, қишлоқ хўжалиги, энергетика, хусусий сектор каби соҳаларда JICA билан амалий ўқувларни ташкил этиш ва бу дастурларга хотин-қизларни кенгроқ жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, келгусида ҳудудий парламент вакиллари — маҳаллий кенгаш депутатлари учун малака ошириш дастурларини жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.

Н.Абдураимова, ЎзА