Олмаотада “ЕИ – Марказий Осиё” фуқаролик жамияти 5-форуми бошланди

370

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” фуқаролик жамияти 5-форуми бўлиб ўтяпти. Тадбирнинг очилиш маросимида ЕИ агентликлари, БМТ, минтақавий ҳукуматлар ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг 150 дан зиёд вакили иштирок этди.

Марказий Осиё учун ЕИ фуқаролик жамияти жамғармаси томонидан ташкил этилган уч кунлик йиғилиш минтақа келажагини белгиловчи муҳим масалалар, жумладан рақамли трансформация, иқлим ўзгариши, жамиятдаги жараёнларда ёшлар иштироки, аёллар ҳуқуқи ва имкониятлари муҳокамасига бағишланган.

БМТ Лойиҳа хизматлари бўйича бюроси кўмагида уюштирилган анжуман ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақада самарали бошқарув ва барқарор ривожланишни таъминлайдиган қарорлар қабул қилишда фаол иштирокни рағбатлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари салоҳиятини оширишга ёрдам беради.

Тузилманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабарига кўра, мазкур самарали мулоқот майдони иштирокчиларга ЕИ томонидан ишлаб чиқилган Марказий Осиё стратегияси ва “Global Gateway” ташаббуси доирасидаги устувор йўналишларни илгари суриш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун яхшигина имконият яратади.

Эслатиб ўтамиз, “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” фуқаролик жамияти 4-форуми 2023 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА