Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича комиссиянинг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Тадбирда сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишончга асосланган мулоқоти ва мустаҳкам сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойиллари асосида ривожланаётгани қайд этилди.

Самимият ва ишонч руҳида ўтган йиғилишда икки томонлама кўп қиррали шерикликка доир, шу жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенатлари ўртасидаги парламентлараро комиссия фаолияти самарадорлигини ошириш, хусусан, комиссиянинг 5-йиғилишини ўтказиш ва унинг доирасида икки давлат парламентлари ўртасида янги “йўл харитаси”ни имзолаш таклифи кўриб чиқилди.

Тадбир якунида ўзаро ҳамкорлик бундан буён ҳам ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳолда конструктив тарзда ривожланиб боришига ишонч билдирилди. Бунда, парламентлараро мулоқотни янада фаол давом эттириш назарда тутилган.

Комиссиянинг 5-йиғилишини жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА