Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 3,5 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди

508

Кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий драйверларидан бири бўлган қурилиш материаллари саноатида туб бурилиш даври бўлди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, охирги беш йилда мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишида олиб борилган ижобий ислоҳотлар натижасида қурилиш материаллари саноати жадал суръатларда ривожланмоқда.

Олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда соҳада ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 10 мингтага, қурилиш материаллари тури 100 тага етказилди.

2024 йил сарҳисобига кўра, бу даврда 40 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган. Белгиланган режа 105,4 фоизга бажарилган. Соҳанинг мамлакат саноатидаги улуши 4,8 фоизни ташкил этган.

Жумладан, 44 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 90 миллион квадрат метр гипсокартон, 17,8 миллион тонна цемент, 52 миллион квадрат метр керамик плитка, 365 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмаси, 6 минг тонна гулқоғоз каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди.

–Ўтган йилда соҳада жами 2,2 миллиард долларлик инвестициялар, шундан 1,4 миллиард долларлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган, – деди «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов. –  840 миллион доллар экспорт амалга оширилди. Шу билан бирга, Тайланд, Бельгия, Испания, Франция, Хорватия, Ироқ, Бразилия ва бошқа давлатларнинг бозорлари ўзлаштирилиши ҳисобига маҳсулотлар экспорт географияси кенгайтирилди. Ўтган йилнинг ўзида қўшимча 10 тадан ортиқ янги маҳсулот экспорт қилинди. Қурилиш материаллари экспортини янада ошириш, янги бозорларни ўзлаштириш мақсадида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан хорижий давлатларда савдо уйи ва омборлари очилмоқда. Хусусан, Озарбайжон, Афғонистон ва Тожикистон давлатларида қурилиш материаллари савдосига ихтисослашган Ўзбекистон савдо уйи фаолияти йўлга қўйилган.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 3,5 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши, соҳадаги ижобий ўзгаришлар ва янги рекордлар мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида муҳим қадам бўлди. Қурилиш материаллари саноатининг жадал ривожланиши ва юқори ишлаб чиқариш хажми, инвестициялар ва экспортнинг ўсиши, Ўзбекистоннинг глобал бозорлардаги мавқеини мустаҳкамламоқда. Шунингдек, янги бозорлар орқали экспорт географиясини кенгайтириш ва хорижий савдо уйларини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар, келгусида мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун мустаҳкам асос яратмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА