Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг ахборот соҳаси вазирлари, мутасадди вакиллари, юқори мартабали мансабдор шахслар иштирокида Медиа ва ахборот бўйича Ишчи гуруҳнинг 11-йиғилиши бўлиб ўтди.
Медиа форумнинг биринчи қисмида “Ахборот соҳасида ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” юзасидан маърузалар тақдим этилди.
ТДТ Котибияти тадқиқот эксперти Алмагул Серкбаева ўз нутқида медиа ва ахборот соҳасидаги ҳамкорликни кенг қиррали муносабатлар доирасида асосий йўналиш сифатида ривожлантириш, ахборот соҳасидаги вазирлар йиғилишларини, Ишчи гуруҳ мажлисларини ҳар йили ўтказиш, форумлар ташкил этиш, семинарлар, ўқув дастурлари ва тажриба алмашиш тадбирлари орқали ҳамкорликни кенгайтириш борасида тўхталди.
Тадбирда Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг Ахборот ва сиёсат бошқармаси бошлиғи Салкин Сарнагоева ТДТ Журналистлар ассоциациясини тузиш таклифини илгари сурди. У ўз нутқида Журналистлар ассоциацияси ТДТга аъзо давлатлар оммавий ахборот воситалари ходимларининг мустақил жамоат бирлашмаси бўлишини, ассоциация ҳеч қандай сиёсий ёки диний мафкурага боғлиқ бўлмаслиги, ўз муҳри ва банк ҳисобларига эга бўлиши кераклигини таъкидлади. Унинг айтишича, ТДТ Журналистлар ассоциацияси тенглик ва қонунийликда ихтиёрийлик тамойилига асосланади.
Саммит доирасида Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг ташрифлари давомида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш чора-тадбирлари, ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида ТДТга аъзо мамлакатларнинг кўзга кўринган етук медиа эскпертлари, ахборот агентликлари, ОАВ вакиллари, мутасаддилари иштирокида Медиа форум бўлиб ўтди. Унда “Ахборот соҳасида ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари” юзасидан маърузалар тингланди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Бурҳонов ўз маърузасида ТДТнинг ахборот соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашнинг аҳамиятига эътибор қаратди.
– Марказий Осиёдаги тенденциялар билан таниш бўлганларнинг аксарияти минтақамиз умумий муаммолар сари бирлашиш ва муросага тайёргарлик борасида намуна кўрсатганини яхши билади, – деди у. – Бу ҳақиқатан ҳам барчанинг фаровонлигини таъминловчи ноёб ҳодисадир. Ушбу ўзгаришлар ҳақида энг аниқ маълумотларни етказиш учун ТДТга аъзо давлатлардаги оммавий ахборот воситаларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимдир.
Форумнинг панель йиғилишида сўзга чиққанлар дезинформацияга қарши курашиш борасида эришилган натижа ва ютуқлар, мавжуд камчиликлар, муаммолар, уларга самарали ечим топишда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича тақдимотлар қилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошқарма бошлиғи Марат Аитов рақамли асрда дипфейк, кибержиноят ва бошқа шаклларда тобора мураккаблашиб бораётган дезинформацион оқимларга қарши курашиш масаласи ҳар қачонгиданда долзарблиги, аҳоли медиа саводхонлигини ошириш самарали ечимлардан бири эканлигини таъкидлади.
Муҳаррама Пирматова, Аслиддин Алижонов (сурат), Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА