Маҳмуд Aббос: Фаластин БМТга тўлақонли аъзо бўлиши керак

261

Фаластин раҳбари Маҳмуд Aббос минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун ўз мамлакати БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлиши ва халқаро миқёсда кўпроқ тан олиниши кераклигини айтди.

Aббос Қоҳирада бўлиб ўтган “D-8” саммитида сўзлаган нутқида фаластинликлар деярли ҳар куни қирғинларга дучор бўлаётгани, ўлкада очарчилик хавфи ортаётганини таъкидлади.

Шунингдек, у Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва ҳудудга инсонпарварлик ёрдами етиб боришига ҳеч қандай тўсқинлик бўлиши керак эмаслигини айтди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2735-сонли резолюциясини зудлик билан амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган Aббос халқаро ҳамжамиятни Ғазо сектори учун масъулиятни ўз зиммасига олишга ва Исроилнинг у ердан бутунлай чиқиб кетишини таъминлашга чақирди.

– Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун Фаластин давлати БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлиши ва халқаро миқёсда кўпроқ тан олиниши керак, – деди Aббос ўз маърузасида.

Г.Сатторова, ЎзА