Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида тезкор шахмат бўйича ҳаваскорлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ўзбекистонлик ақл гимнастикаси вакиллари муносиб натижаларга эришди.
31 та давлатнинг маҳоратли шахматчилари иштирок этган чемпионатнинг умумий мукофот жамғармаси 25 минг АҚШ долларидан иборат.
Шиддатли кечган баҳслар сарҳисобига кўра, аёллар ўртасидаги мусобақаларда ўз иқтидорини намойиш этган ҳамюртимиз Шаҳноза Собирова тезкор шахмат бўйича 7 та турда 6 очко жамғариб, Осиё чемпиони бўлди ва мусобақа низомида белгиланган мукофот маблағига эга бўлди.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларда ватанимиз шарафини Муҳаммадризо Умаров ҳимоя қилди. Қизиқарли ўтган 9 та турдан иборат ўйинларда шахматчимиз 7,5 очко жамғарган ҳолда кумуш медалга эга чиқди.
1-ўринни 8 очкони қўлга киритган Бирлашган Араб Амирликлари вакили Хамад Эссам эгаллаган бўлса, 3-ўрин 7 очко жамғарган БААлик яна бир шахматчи Муҳаммад Саид Лайлга насиб этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА