Шу кунларда Покистон пойтахтидаги «Баҳрия» университетида “Global Village” халқаро маданий фестивали бўлиб ўтмоқда. Эътиборли жиҳати, мазкур фестивалда Ўзбекистон павильони ҳам ташкил этилган.
Мазкур тадбир дунё мамлакатларининг турфа маданиятларини бир жойда жамлаш, барча халқларнинг ўзига хослигини сақлаган ҳолда тинчлик ва бағрикенглик каби умумий эзгу мақсадлар сари интилишларини тарғиб қилиш, ўзаро мулоқотни қўллаб-қувватловчи платформа вазифасини ўташ мақсадида ўтказилмоқда.
Йиғиннинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистоннинг бой миллий-маданий мероси, урф-одатлари, ноёб анъаналари ва қадимий давлатчилик тарихи ҳақида тадбир қатнашчиларига атрофлича маълумот берилди.
Қайд этиш жоизки, фестивалнинг биринчи куниданоқ юртимиз павильони ўзига хослиги ва жозибадорлиги билан барча қатнашчилар эътиборини ўзига жалб қилди. Миллий либослар, ҳунармандчилик намуналари, чолғу асбоблари, буюк аждодларимиз фаолиятига бағишланган ноёб китоблар павильонга ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Қувонарлиси, хорижлик меҳмонлардан бири Ўзбекистоннинг миллий либослари ва ҳунармандчилик буюмлари нақадар гўзал эканлигини таъкидлаб, уларнинг нафислиги ва ўзига хослигидан ҳайратда эканлигини яширмади.
Кореялик талаба эса тадбир чоғида ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги ва бойлиги, умуман, ўлкамиз ҳақида қизиқарли ва қимматли маълумотларга эга бўлганини айтиб, келажакда албатта Ўзбекистонга саёҳат қилиш истаги туғилганини маълум қилди.
Умуман олганда, ушбу халқаро маданий фестивал Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва туристик салоҳиятини Покистонда кенг тарғиб қилишда қулай ва самарали платформа сифатида хизмат қилмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА