Ҳар бир тармоқ, ҳудуд ва йўналиш бўйича инвестициявий стратегия ишлаб чиқилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 август куни мамлакатимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, вазирлик ва идоралар, компания ва уюшмалар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, мамлакатимизннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг қарори билан ўтган ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги 64 миллиард долларлик 849 лойиҳа рўйхати шакллантирилди. Уларнинг 456 тасини 2018 йилда, 125 тасини 2019 йилда, 268 тасини истиқболда амалга ошириш белгиланган.

Президентимиз жорий йилда 5 миллиард 800 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Бу борада тартиб-интизом ва самарадорликни таъминлаш мақсадида жорий йилга белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш учун нафақат Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва тармоқ идоралари раҳбарлари, балки Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар, қўмиталар раислари ҳамда Президент давлат маслаҳатчилари шахсан масъул этиб бириктирилди.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири барча инвестиция лойиҳаларига умумий раҳбарлик қилиш билан бирга, 144 та лойиҳа, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари 18 та лойиҳа бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишига бош-қош бўлади.

Йиғилишда инвестицияларни жалб этиш бўйича ижро натижаси қониқарсиз экани қайд этилди. Масалан, Тошкент шаҳрида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан бажарилиши режалаштирилган ишлар ҳажми 7 фоизгагина етган. Вилоятлар кесимида оладиган бўлсак, мисол учун, Хоразмда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар қиймати атиги 10 миллион долларни ташкил этади. Бу мамлакат бўйича энг паст кўрсаткичдир.

Йиғилишда қайси раҳбар қандай инвестиция лойиҳаларига масъул экани, уларнинг қиймати ва бажарилиш муддатлари бирма-бир муҳокама қилинди. Тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш ҳолати бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.

Бош вазир ўринбосарлари, ҳокимлар ва тармоқлар раҳбарларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни вақтида ва сифатли бажариш, янгиларини ишлаб чиқишни таъминлаш топширилди. Бунинг учун жадвал асосида ҳар ҳафта ҳудудларга чиқиш, лойиҳа ташаббускорлари билан алоқада бўлиш ва уларнинг муаммоларини аниқлаш, автоматлаштирилган мониторинг тизимини жорий этиш, жойларда халқаро инвестиция форумларини ўтказиш лозим.

– Лойиҳаларни амалга ошириш мониторингини автоматлаштирилган тизимга ўтказмас эканмиз, бу борадаги муаммоларни ўз вақтида аниқлай олмаймиз. Бу тизим тўғридан-тўғри хорижий сармоя киритаётган инвесторларга амалий кўмаклашиши, уларнинг ишини осонлаштириши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари шу ой охирида Жиззахда халқаро инвестиция форуми ва Товар ишлаб чиқарувчиларнинг миллий кўргазмасини ўтказиш кўзда тутилаётганини қайд этар экан, мазкур тадбирларни юксак савияда ўтказиш учун барча чоралар кўрилиши зарурлигини таъкидлади. Ҳар бир вазирлик, ҳокимлик ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўзи масъул бўлган тармоқ, ҳудуд ва соҳа бўйича махсус тақдимотлар тайёрлаб, ушбу форумда намойиш қилиши, мамлакатимизнинг хориждаги элчихона ва ваколатхоналари бундай анжуманларда қатнашиш учун камида 4-5 тадан салоҳиятли инвесторларни топиши керак.

Йиғилишда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг хорижий давлатларга қилган хизмат сафарлари натижаларига ҳам эътибор қаратилди.

Аввал берилган топшириққа мувофиқ, Ишчи гуруҳ томонидан бу борадаги ишлар ўрганилгани, хусусан, Фарғона, Андижон, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида бир қатор тизимли муаммолар аниқлангани қайд этилди. Ушбу ҳудудларда фармацевтика, электротехника ва машинасозлик соҳасида кенг имкониятлар мавжуд бўлса-да, асосан, қурилиш материаллари ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта ишлаш лойиҳалари билан чекланилгани танқид қилинди. Юқори технологик тармоқларга асосланган лойиҳалар бўйича ҳеч қандай таклиф киритилмаган.

Кўпчилик делегация аъзоларининг мақсадли дастури бўлмагани, чет элликларга ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти бўйича аниқ маълумотлар берилмагани, айрим келишувлар қоғозда қолиб кетаётгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, жорий йилнинг март ойида Бельгияга борган Наманган вилояти делегацияси Норин туманида 200 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплексини ташкил этиш бўйича 3 миллион долларлик лойиҳа келишувини имзолаган. Бироқ, орадан 5 ой ўтганига қарамасдан, уни амалга ошириш бўйича ҳеч қандай иш бошланмаган.

Инвестиция қулай муҳитни талаб қилади. Мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш борасидаги ишлар жадал давом этмоқда. Лекин вазирлик ва идораларда, ҳокимликларда бугунги кун, яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган инвестициявий стратегия йўқ, яъни ташаббускорлик кўзга ташланмаяпти.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги маҳаллий делегацияларнинг хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари олдидан ташрифнинг мақсади, таклиф этилаётган лойиҳалар ва кутилаётган амалий натижалар бўйича тақдимот ўтказиш тартибини жорий этиши зарурлиги таъкидланди. Хизмат сафарида эришилган келишувлар бўйича “йўл хариталари” ва тармоқ жадваллари ишлаб чиқиш ҳамда қатъий ижро этиш, тармоқ ва йўналишларни назарда тутувчи Инвестициявий стратегия лойиҳасини тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.

 

ЎзА