АОКАда ҳудудларда бўлиб ўтган “Тамаддун, маданият ва маърифат” шиори остида “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Эътироф этилганидек,  Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 3-15 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Тамаддун, маданият ва маърифат” шиори остида “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирларини ташкил этиш бўйича 196-сонли баёни ижросини таъминлашга жиддий эътибор берилди.

Жумладан, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бирга ушбу лойиҳани халқчил, самарали ва таъсирчан амалга ошириш бўйича Ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.

“Маърифат карвони” лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18-20 ноябрдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлиси, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисидаги нутқи мазмун-моҳиятини зиёлилар иштирокида кенг оммага етказишдан иборат.

Шу билан бирга, мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги  ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларини зиёлилар ўртасида кенг тарғиб этиш, аҳоли, хусусан ёшларга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг  моҳиятини тушунтириш, буюк аждодлар меросини асраб-авайлаш, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик муҳитини таъминлаш, юртдошларимизнинг мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш мақсад қилиб олинди.

Жорий йилнинг 3-11 декабрь кунлари 13 та ҳудуд – Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида “Маърифат карвони” лойиҳаси амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида “Янги Ўзбекистонда маънавий, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусида зиёлилар форуми, “Янги Ўзбекистон – ислоҳотлар фалсафаси” номли анжуман, “Замонавий ёшлар – тараққиёт драйвери” мавзусида илм-фан ва инновацияларга бағишланган маҳорат дарслари, шунингдек, “Мен ҳам ҳарбий бўламан”, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбомлари тақдимотлари ўтказилди. Видеороликлар намойиш этилди.

Хусусан, Андижон давлат университети, Навоий вилояти Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти Кенгаши, Олмалиқ шаҳридаги Миллий технологик тадқиқотлар университети, Бухоро давлат педагогика институти, Гулистон давлат университети, Урганч давлат университети, ТАТУ Фарғона филиали, Нукус шаҳри ҳокимлиги, Жиззах шаҳридаги «Киберспорт» аренаси, Сурхондарё вилояти Имом Термизий Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Наманган вилояти маданият маркази, Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусида зиёлилар форуми бўлиб ўтди.

Андижон давлат педагогика институти, Олмалиқ шаҳридаги Миллий технологик тадқиқотлар университети, Қашқадарё вилояти Ёшлар маркази, Нукус шаҳридаги Ёшлар маркази, Жиззах шаҳридаги “Киберспорт” аренаси, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнология университети, Наманган муҳандислик-технология институти, Фарғона вилояти ахборот-кутубхона маркази ҳамда Бухоро, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги Ёшлар марказларида “Замонавий ёшлар – тараққиёт драйвери” мавзусида маҳорат дарслари ўтказилди.

Бухоро давлат университети, Сирдарё вилояти Ёшлар маркази, Урганч давлат университети, Фарғона вилояти ахборот-кутубхона маркази, Жиззах шаҳридаги “Киберспорт” аренаси, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Термиз иқтисодиёт сервис университети, Наманган давлат педагогика институти, Андижон давлат университети, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Қарши шаҳар ҳокимлиги, Олмалиқ шаҳридаги Миллий технологик тадқиқотлар университетида “Янги Ўзбекистон – ислоҳотлар фалсафаси” мавзусида диний-маърифий анжуман бўлиб ўтди.

“Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон санъат саройида “Ажиниёз” фильми, Хоразм вилояти мусиқали драма театрида “Махтумқули” спектакли намойиш этилди.

Ҳудудларда ўтказилган барча тадбирлар оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Маърифат карвони” доирасида “Буюк аждодлар сиймоси: янги нигоҳ ва замонавий ёндашувлар” мавзусида маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда юртимиз бўйлаб ўтказилган “Маърифат карвони” тадбирлари сарҳисоб қилинди.

Тадбирнинг яна бир ўзига хос жиҳати – буюк алломаларимизнинг тасдиқланган сиймоларини сунъий интеллект ёрдамида жонлантиришга қаратилган таклиф ва амалий ишлар тақдимоти бўлди. Ушбу йўналишдаги янгича ғоялар ва инновацион ечимлар, жумладан, 3D визуализация технологиялари орқали алломалар билан интерактив мулоқот қилиш имкониятлари намойиш этилди.

“Маърифат карвони” тадбири якунларида мамлакатимиз маънавий-маърифий тараққиётига ҳисса қўшувчи янги лойиҳаларни амалга оширишга оид қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Бу каби тадбирлар орқали миллий ўзликни англаш, тарихий меросни сақлаш ва ёш авлодга етказишдаги ишлар янада мустаҳкамланмоқда.

Н.Усмонова,  

ЎзА