Электр энергияси тежалмоқда
Тахиатош иссиқлик электр станциясида 180 кВт қувватга эга навбатдаги қуёш фотоэлектр станцияси фойдаланишга топширилиши натижасида йилига 420 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Бунинг эвазига йилига 45 минг кубометр табиий газ иқтисод қилинишига эришилади. Шу тариқа Тахиатош ИЭСда бунёд этилган қуёш фотоэлектр станциясининг умумий қуввати 1,7 МВтга етди. Корхонада муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳисобига ўз эҳтиёжлари учун сарфланадиган электр энергияси 5-6 фоизгача тежалмоқда.
Шунингдек, жами сиғими 2800 литр бўлган 14 та қуёш сув иситиш қурилмаси ўрнатилган бўлиб, ювиниш хоналари тўлиқ қуёш сув иситкичларига ўтказилган.
Меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Мўйноқ туманида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш яхши йўлга қўйилган. Туманда замонавий ускуналар билан жиҳозланган мономарказ ташкил этилган бўлиб, тикувчилик, ошпазлик, эркаклар ва аёллар сартарошлиги, компьютер саводхонлиги, чилангар ва хорижий тиллар бўйича ташкил этилган курсларда ишсиз фуқаролар билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда.
Туманда ташкил этилган меҳнат ярмаркасида ҳудудидаги 43 та ташкилот, корхона ва тадбиркорлик субъекти жами 166 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Тадбир натижасига кўра 35 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Шунингдек, бир қатор ишсиз хотин-қизларга ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида тикув ҳам тўрлаш ускуналари топширилди.
Бош прокурор кубоги мусобақаси
Нукусдаги республика якка курашлари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида маҳалла ёшлари орасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг Миллий кураш тури бўйича Бош прокурор кубогининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада 9 та вазн тоифасида шаҳар ва туманлардан 120 нафардан ортиқ ёш полвон ғолиблик учун беллашди. Мусобақа ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.