Жорий йилги Европа чемпионлар лигасининг учинчи тури ҳам кутилмаган ва қизиқарли учрашувларга бой ўтди. Айниқса, Испания, Англия ва Италия клублари учун бу тур муваффақиятли ўтди, десак муболаға бўлмайди.
Учинчи турда «Манчестер Сити» ўз майдонида «Спарта Прага»ни қабул қилди. Мезбонлар бу ўйинда меҳмонларни аяб ўтирмади. Учрашувда Ҳолланд иккита, Фоден, Стоунз ва Нуньешлар биттадан гол уриб, “МС” клубининг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Шунингдек, «Лейпциг» меҳмони бўлган «Ливерпуль» сафардан 3 очко билан қайтди. Аниқроғи, ушбу ўйиннинг 27-дақиқасида Нуньес томонидан урилган гол учрашув сўнгигача ягоналигини сақлаб қолди.
Турнинг марказий ўйини дея эътироф этилган “Барселона” – “Бавария” учрашуви кутилмаган натижа билан якунланди. Баҳснинг биринчи дақиқасида мезбонлар вакили Рафинья ҳисобни очган бўлса, Харри Кейн 18-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлимнинг 36-дақиқасида “Барселона” ҳужумчиси Роберт Левандовски собиқ жамоаси дарвозасига иккинчи голни жойлаб қўйди. Рафинья биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида яна гол уришни уддалади. Шунингдек, бу футболчи 56-дақиқада ўзининг учинчи голига муаллифлик қилди ва ўйинга нуқта қўйди – 4:1.
Дарвоқе, учрашувда Роберт Левандовски профессионал фаолиятидаги 700 голини айнан собиқ жамоасига ургани қизиқарли ҳол албатта. Энг қизиғи, 36 ёшли Левандовски фаолиятидаги энг кўп голни “Бавария” таркибида киритган. Мюнхенликлар шарафини ҳимоя қилган даврда у рақиблар дарвозасини 344 маротаба ишғол қилган.
Бундан ташқари, Роберт Европа чемпионлар лигасидаги умумий голлари сонини 97 тага етказиб олди ва тез орада юзлик довонни ҳам забт этиши кутилмоқда.
Шунингдек, кечаги баҳсларда “Атлетико Мадрид” – “Лилль” 1:3, “Бенфика” – “Фейеноорд” 1:3, “Зальцбург” – “Динамо Загреб” 0:2, “Брест” – “Байер 04” 1:1, “Аталанта” – “Селтик” 0:0, “Янг Бойз” – “Интер” 0:1 натижалари қайд этилди.
Европа чемпионлар лигасининг 3-туридан сўнг жадвалда Англияни уч жамоаси – “Астон Вилла”, «Ливерпуль», «Манчестер Сити» етакчилик қилмоқда. Аниқроғи, “Астон Вилла” ва «Ливерпуль» клублари ҳисобида 9 очко бўлса, “МС”да 7 очко мавжуд. Бироқ, “Монако”, “Брест”, “Байер 04”, “Интер”, “Спортинг” ва “Арсенал” ҳам 7 очко тўплаган бўлса-да, голлар нисбатига кўра кейинги ўринларга жойлашган.
Жадвалда икки ғалаба ва бир мағлубият қайд этган “Барселона”, “Боруссия Дортмунд”, “Реал Мадрид”, “Бенфика”, “Ювентус”, “Лилль” ҳамда “Фейеноорд” клубларининг очкоси 6 тага етди. “Аталанта”да эса 5 очко бор. Бу турдаги натижалардан сўнг, “Штутгарт”, “ПСЖ”, “Селтик”, “Спарта Прага”, “Динамо Загреб” жамоалари 4 очко жамғариб, 18-22 ўринларга жойлашди.
Бу мавсумни омадсиз ўтказаётган “Бавария”, “Жирона”, “Милан”, “Брюгге”, “Атлетико Мадрид” жамоаларида 3 очко бор. “ПСВ” икки дуранг эвазига 2 очкони қўлга киритди. “Болонья” ва “Шахтёр” бор-йўғи уч турда 1 очко тўплади. Шунингдек, “РБ Лейпциг”, “Штурм”, “Црвена Звезда”, “Зальцбург”, “Янг Бойз” ва “Слован Братислава” очкосиз қолмоқда.
Жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Европа чемпионлар лигасининг 4-тури доирасидаги учрашувлар ўтказилади.
4-тур:
“ПСВ” – “Жирона”,
“Братислава” – “Динамо Загреб”,
“Болонья” – “Монако”,
“Боруссия Дортмунд” – “Штурм”,
“Селтик” – “РБ Лейпциг”,
“Ливерпуль” – “Байер 04”,
“Лилль” – “Ювентус”,
“Реал Мадрид” – “Милан”,
“Спортинг” – “Манчестер Сити”,
“Брюгге” – “Астон Вилла”,
“Шахтёр” – “Янг Бойз”,
“Спарта Прага” – “Брест”,
“Бавария” – “Бенфика”,
“Интер” – “Арсенал”,
“Фейеноорд” – “Зальцбург”,
“Црвена звезда” – “Барселона”,
“ПСЖ” – “Атлетико Мадрид”,
“Штутгарт” – “Аталанта”.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА