Сенат Раиси Танзила Норбоева “Хотира поезди” маданий-маърифий тадбирида иштирок этган ёшлар билан учрашув ўтказди.
Мазкур лойиҳа 2022 йилда йўлга қўйилган. Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларни Иккинчи жаҳон уруши тарихи билан чуқурроқ таништириш. Урушнинг даҳшатлари ҳақида тушунча ва тасаввур ҳосил қилиш ҳамда аждодларимизнинг қаҳрамонликларини ёдда сақлаш авлодларнинг муқаддас бурчи эканини англатишдан иборат.
Жорий йилнинг 20 июнидан 5 июлига қадар ташкил қилинган “Хотира поезди” лойиҳасида Ўзбекистондан 15 нафар ўқувчи иштирок этди.
Учрашув давомида ёшларнинг ушбу лойиҳадан олган таассуротлари ва фикр-мулоҳазалари ҳамда масъулларнинг таклиф-тавсиялари эшитилди.
Сенат Раиси Т.Норбоева Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон иштирокининг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди. Жумладан, мамлакатимиз ҳудудида яшаган 6,5 миллион аҳолининг 1,5 миллиондан ортиғи урушда иштирок этган. Уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган ва 133 мингга яқин юртдошимиз бедарак йўқолган, 60 мингдан ортиғи ногирон бўлиб қайтган.
Халқимиз уруш туфайли фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган қарийб 1,5 миллион кишини ўз биродарларидек қабул қилган. Уларнинг 250 мингдан зиёди болалар эди. Юзлаб ўзбек оилалари эвакуация қилинган етим болаларни ўз бағрига олгани, охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани инсонпарварликнинг чинакам намунаси бўлди.
Халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида фронтда ва фронт ортида кўрсатган қаҳрамонлиги шу қадар юксак бўлганки, бу шонли ғалабани ўзбек халқисиз асло тасаввур қилиб бўлмайди.
Шу нуқтаи назардан Президентимиз ташаббуси билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини улуғлаш мақсадида сўнгги йилларда кўп ишлар қилинди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Ушбу мажмуадаги “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументлари ўрнатилди.
Бу ердаги ҳар бир объект, қурилма ва экспонат халқимизни, айниқса, ёшларни урушнинг даҳшатли оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка, бугунги тинч ва осуда ҳаёт, мустақилликнинг қадрига етишга, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, Ватан ҳимоясига ҳамиша тайёр туриш руҳида тарбиялашга хизмат қилиши таъкидланди.
Сенат Раиси ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.
Янги Ўзбекистоннинг янги авлодлари қаҳрамон аждодларимизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттиришига, ўз Ватанига садоқат билан хизмат қилишига, унинг ҳимоясига ҳамиша шай мард ўғлонлар бўлишига ишонч билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА