Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида барпо этилган  “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистон, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳукуматлари делегациялари ва бошқа расмийлари, йирик ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар, меҳнат фахрийлари ва ёшлар қатнашди.

Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда Ўзбекистон дунё давлатлари билан ижтимоий-иқтисодий, маданий, савдо ва сармоявий соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги форматда ривожлантираётгани алоҳида таъкидланди. Бу жараёнда қўшни Афғонистон ҳам Сурхондарё вилоятининг яқин ҳамкорларидан бири бўлиб келаётгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари ҳамиша Афғонистондаги вазиятга дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратиб келади. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида “ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас»лигини алоҳида таъкидлаган бўлса, БМТ Бош Ассамблеясининг 78- сессиясидаги нутқида Ўзбекистон бундан буён ҳам Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш муҳитини мустаҳкамлаш йўлидан қатъий боришини қайд этиб, Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик ташаббусини, «Бизга тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорлик жараёнларида иштирок этадиган, қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли шериклик учун очиқ Афғонистон керак», деган ғояни илгари сурган эди.

Айни пайтда мамлакатимизда яқин қўшни Афғонистон тадбиркорларининг ўз бизнесини юритиши учун қулай муҳит яратилган. Жумладан, биргина Сурхон воҳасида афғонистонлик ишбилармонлар иштирокида 210 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Ўтган йил вилоятнинг Афғонистон билан ташқи савдо айланмаси қарийб 58 миллион долларни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан уч баробарга ўсган.

Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ҳам бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилди.

Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилган марказ минтақавий савдони ривожлантириб, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш учун қулай шарт-шароит яратиш, ўзбек-афғон халқлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада яхшилаш ва ривожлантириш орқали яхши қўшничилик муносабатларини таъминлашга хизмат қилади.

Марказий Осиёда ҳозирча муқобили йўқ эркин савдо зонаси 36 гектар майдонда қад растлади. Қиймати 70 миллион долларга тенг лойиҳа Афғонистон, Покистон ва бошқа мамлакатлар тадбиркорларига саноат, истеъмол товарлари савдоси ҳамда экспортини ўстиришда муҳим ўрин тутади. Мутахассислар мажмуага йилига 1,5 миллион киши келиши, унинг йиллик савдо ҳажми 1 миллиард 200 миллион долларни ташкил этишини айтмоқда.

Эркин савдо зонасида яратилган имтиёзлар доирасида барча чет давлат фуқароларига Ўзбекистонга кириш визасисиз 15 кун марказда бўлиш ва чиқиш имконияти берилади. Мултивалюта, яъни Ўзбекистон сўми билан бирга АҚШ доллари, евро, Россия рубли ва юань қабул қилиш тизими жорий этилган. Марказ ҳудудига келувчи барча товарлар божхона тўловларисиз жойлаштирилади ва чиқарилади. Ҳудудда банклар, нотариуслар ва бошқа давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилган. Шунингдек, мажмуада “Hilton Garden Inn” меҳмонхонаси, “Akfa Medline” замонавий тиббиёт мажмуаси, “Central Asia University” бизнес мактаби, йирик савдо маркази, ресторан, хостель, йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга йирик логистика маркази ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилган. Майдони 50 минг квадрат-метр бўлган мингта савдо дўкони, бир йилда 100 минг юк машинасини қабул қилиш қувватига эга автотураргоҳ қурилган. Афғонистондан келувчилар учун Мозори Шариф шаҳридан ҳар куни автобус қатнови йўлга қўйилмоқда.

Халқаро савдо маркази Карачи-Термиз-Тошкент-Қозоқистон-Россия транспорт коридорининг муҳим боғловчи қисми ҳисобланиб, Ҳинд океани портларига чиқиш имконини  бериши билан ҳам аҳамиятлидир.

Йирик мажмуада замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш иншоотлари мавжуд бўлиб, юкларни “Ягона дарча” тамойили асосида тезкор расмийлаштириш учун барча қулайлик яратилган.

“Akfa Medline Ayritom” клиникасида 315 нафар малакали шифокор ва бошқа тиббиёт мутахассиси радиология, стоматология, физиотерапия бўлимлари ҳамда поликлиникада сифатли хизмат кўрсатади. “Central Asia University” бизнес мактабида ташкил этиладиган ўқув курсларида йилига 500 дан ортиқ афғон тадбиркори савдо ва ишлаб чиқариш бўйича малака ошириши мумкин. Барча тингловчилар зарур шароитларга эга ётоқхона билан таъминланади.

Савдо марказида яқинда лойиҳа қиймати 4,5 миллион долларлик  “Imzo”  эшик ­ ромларини ишлаб чиқариш бошланади. 25 кишининг бандлигини таъминлайдиган янги лойиҳадан йилига бюджетга 150 миллион сўм маблағ тушади. “TERMEZ GOLD PRODUCTION” заргарлик буюмлари ва ярим тайёр заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, “CITY-ELECTRIC GROUP” ёруғлик техникаси ускуналари ишлаб чиқариш корхоналари ҳам иш бошлайди.

Яқин қўшничилик ва азалий дўстлигимизни кенг намоён этган савдо зонаси очилиш маросимининг иштирокчилари замонавий марказ билан яқиндан танишди.

Тантанали тадбирда Озарбайжон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шахин Мустафаев, Қирғизистон Республикаси иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон Республикаси  савдо ва интеграция вазири ўринбосари Кайрат Торебоев ва бошқалар иштирок этди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Афғонистон Бош вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Бародар Мулла Абдул Ғани сўзга чиқди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири