Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон – Озарбайжон: ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболлари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Озарбайжон Республикаси Халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда икки мамлакатдаги халқаро муносабатлар, иқтисодиёт йўналишларида фаолият олиб бораётган илмий тадқиқот институтлари, таҳлил марказларининг вакиллари иштирок этди.

Унда сўз олганлар икки томон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш иқтисодий-ижтимоий, фан-таълим, маданий каби соҳалар равнақида муҳим ўрин эгаллашини қайд этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев чиқиш қилиб, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари ҳақида тўхталди.

– Албатта, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ҳамкорлик имкониятлари ниҳоятда кенг. Бунда савдо-иқтисодий алоқаларнинг бугунги даражаси, шунингдек, ишлаб чиқариш имкониятларини эътиборга олган ҳолда ҳамкорликнинг бундан кейинги ривожида учта муҳим истиқболли йўналишни таъкидлаш лозим. Уларнинг сирасига қишлоқ хўжалиги, туризм ва банк секторини киритиш мумкин. Дейлик, Озарбайжон пахта хомашёсини қайта ишлаш борасида катта имкониятларга эга. Мамлакатда ҳар йили камида 270 минг тонна пахта хомашёси ишлаб чиқарилади. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам бу йўналишда катта тажрибага эга. Шу боис пахта-тўқимачилик қўшма кластерларининг ташкил этилиши Озарбайжонда пахтачиликнинг, Ўзбекистонда эса қайта ишловчи корхоналар хомашё базасининг ривожланишига туртки бериши мумкин.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигининг ривожланишини ер ислоҳотларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу борада Озарбайжоннинг муваффақиятли тажрибасини ўрганиш, ер участкалари бозорини ташкил этиш ва тартибга солиш, ер билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришда ёрдам беради. Жорий йилнинг 2-3 май кунлари Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Бокуда ўтказилган форумида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид масалалар муҳокама қилинган эди. Бу йўналишда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун туризм соҳасида сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, меҳмонхона бизнеси учун кадрларни тайёрлаш, сайёҳларни жалб қилиш, экофермаларни ташкил этиш, экотуризмни ривожлантириш борасида билим ва тажриба алмашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадга мувофиқ.

Банк секторини олайлик. 2023 йилда Тошкентда ўтказилган форумда лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма инвестицион фондни ташкил этиш ҳақидаги битим имзоланган. Унинг самарали фаолият юритиши минтақалараро банк тузилмасининг мавжуд бўлишини талаб қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда Озарбайжон банки филиалининг очилиши икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлиши мумкин. Биринчидан, бу икки мамлакатда бизнес юритувчи компаниялар учун молиявий операцияларни осонлаштиради, иккинчидан, товар айланмасининг ўсишини тезлаштиради, учинчидан, икки мамлакатга ҳам эркин капитални жалб қилиш имкониятларини оширади, – деди У.Обидхўжаев.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА