Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда дастлаб «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида турли соҳаларда юқори натижаларга эришиб келаётган бизнес вакилларини тақдирлаш тизимини жорий этиш мақсадида алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш назарда тутилмоқда. Жумладан, қонун лойиҳаси билан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвонини таъсис этиш ва қонун ҳужжатларида бунинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, «Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисида»ги ва «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги иш ўринлари яратиш, инновациялар жорий қилиш, экспорт қилиш ва етук мутахассислар тайёрлашда барчага намуна бўладиган ҳамда жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида юқори натижаларга эришиб келаётган бизнес вакилларини тизимли тақдирлаш имконини беради. Шу билан бирга, ушбу унвонни таъсис этиш орқали тадбиркорларнинг мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссасига эътиборни қаратиш ва баҳолаш, катта ютуқларга эришган ва жамиятнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этаётган тадбиркорларни аниқлаш ҳамда уларни тақдирлаш, аҳолини, айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва бизнесга қизиқишни юксалтириш мақсадига эришилади.

Мажлисда мазкур қонун лойиҳаси юзасидан депутатлар, фракциялар вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони таъсис этилишининг аҳамиятини таъкидладилар.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА