Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 август куни туманларни иқтисодий ривожлантириш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳамда саноат корхоналари учун жозибадор шароитлар яратиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари йўлга қўйилган. Йиғилиш аввалида шу борадаги ишларнинг натижадорлиги кўриб чиқилди.

Масалан, Сайхунобод тажрибаси бўйича ҳар бир маҳаллада 10 тадан микролойиҳа қилиш вазифаси қўйилган. Бу орқали республикада жами 132 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 242 минг кишининг бандлиги таъминланган. Лекин 26 та тумандаги 46 та маҳаллада бу ишлар суст кетмоқда.

Уйчи тажрибаси асосида банклар мижози билан ишлаб, республика бўйича 500 мингта янги иш жойи очилган. Аммо 15 та туман ва шаҳарда натижа етарли эмас.

Ғиждувон тажрибаси мингта маҳаллада кўп қаватли саноат бинолари ташкил этиш, Зарбдор тажрибаси жойларда драйвер лойиҳалар қилишга қаратилган.

Ушбу 4 та туман тажрибаси давлат сиёсати экани таъкидланиб, уларни бажаришда сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга қаттиқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди. Умуман, тажрибаларнинг ҳар бири бўйича масъулларга аниқ “KPI” белгиланиб, ижроси устидан қатъий сўров бўлиши таъкидланди.

Йиғилиш кун тартибидаги асосий мавзу Бухоро вилояти мисолида тадбиркорларга кўпроқ шароит яратиш, ҳар бир туманни ихтисослаштириш, энергиядан оқилона фойдаланиш ҳақида бўлди. Йиғилишда ҳукумат аъзолари, иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари ва бошқа вилоятлар ҳокимлари ҳам иштирок этди.

Шу йил 31 май – 1 июнь кунлари давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятида бўлган эди. Ташрифдан сўнг ҳудудга 1,4 триллион сўм ажратилди. Бугун тадбиркорликка қўшимча 60 миллион доллар, инфратузилмага 40 миллион доллар ажратиш бўйича қарор имзоланди.

Йиғилишда Бухородаги имкониятлар бешта йўналишга бўлиб таҳлил қилинди ҳамда вазифалар белгиланди.

Шулардан биринчиси бу – хизматларни ривожлантириш.

Вилоятда 584 та меҳмон уйлари, 122 та умумий овқатланиш, 18,5 мингта савдо, 30 та саломатлик ва фитнес марказлари бор. Бухоронинг таомлари машҳур, лекин ҳар минг кишига тўғри келадиган ошхона ва ресторанлар сони Самарқанддагидан 10 карра кам. 103 та лойиҳа ташкилоти, 2 минг 372 та қурилиш ташкилоти ҳам тўлиқ ишга солинмаяпти. Ҳудудларнинг мастер режасини ишлаб чиқиб, савдо ва сервис шохобчаларини жойлаштириш мумкин.

Шу боис Бухородаги 62 та массив ва 54 та кўчада хизматларни ривожлантириш бўйича қарор қабул қилинди. Уларнинг бири овқатланиш, иккинчиси саломатлик, бошқалари меҳмонхона, ҳунармандчилик, савдо ва хизматларга ихтисослаштирилади. Жами 4 мингта тадбиркорлик ташкил қилиниб, 6 минг аҳолининг бандлиги таъминланади.

Давлатимиз раҳбари саноат зоналарида ер ажратишни енгиллаштириш, бунга хизмат кўрсатишни ҳам қўшиш таклифини қўллаб-қувватлади. Бундан буён сервис жойларини сотиб олиш учун алоҳида кредит тури – “хизмат ипотекаси” йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Йиғилишда энергиядан оқилона фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бухорода 900 миллион киловатт электр ва 400 миллион куб метр газни иқтисод қилиш имкони борлиги қайд этилди. Бу – умумий истеъмолнинг 20 фоизига тенг. Жумладан, 42 та йирик корхонада ускуналарни янгилаб, 25 фоизгача электр ва газни иқтисод қилиш мумкин.

Энг катта истеъмолчи – “Аму-Бухоро канали”. Насосларни янгилаш натижасида йилига 200 миллион киловатт ёки 204 миллиард сўм иқтисод қилинмоқда. Лекин бу кам.

Насос станциялари ҳудудида 100 мегаваттли қуёш станцияси ва 100 мегаваттли сақлаш тизими ўрнатилса, умумий тармоқдан олинадиган электрни 25 фоиз камайтириш, кунлик ўртача тарифни 12,5 фоизга пасайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, 200 минг кўчмас мулк биносида камида 3 киловаттли қуёш панели ўрнатиб, 600 мегаватт қувват яратиш имкони бор. Бу билан вилоят электр истеъмоли яна 20 фоиз иқтисод бўлади.

Шу боис Энергетика вазирлиги, вилоят ва туман мутасаддиларига йил якунигача 4 мингта иншоотда қуёш панеллари ўрнатиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун уларни сотиб олиш имкониятларини кенгайтириш зарурлиги айтилди.

Хусусий секторни кенг жалб қилган ҳолда, аҳолига суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш чоралари белгиланди.

Бухоро вилоятида 3 та йирик газ-кимё мажмуаси, 10 та қуёш ва шамол станцияси қурилаяпти. Уларда 1 миллиард долларлик эҳтиёт қисмга эҳтиёж бор. Лекин кўп кластер ва корхоналар бир хил маҳсулот ишлаб чиқариб, янгисини яратиш устида ишламаяпти.

Вилоятда 1,5 миллион тонна мева-сабзавот тайёрланади. Бу – Бухоро эҳтиёжидан 2 баробар кўп. Лекин, уларнинг атиги 11 фоизи қайта ишланади, 30 фоизи ташишда исроф бўлади. Вилоятни 4 та кичик агрологистика маркази қуввати 66 минг тонна маҳсулотни қайта ишлашга етади, холос.

Шу боис Президент ҳар бир туманни саноат тармоқларига ихтисослаштириш зарурлигини таъкидлади.

Масалан, Жондор туманида уй текстили бўйича 3 мингга яқин хотин-қизларда етарли тажриба бор. Вобкент туманида войиш усулида узум, гул ва кўчат етиштириш йўлга қўйилган. Бухоро туманида 27 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватига эга янги корхона ишга тушган.

Шу каби ҳар бир туман ихтисослашувидан келиб чиқиб, хомашё, инфратузилма, кадр ва бозор масалаларини қамраб олган дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Бу режа ва мақсадларнинг рўёби учун профессионал кадрлар зарур. Лекин кўп ҳолларда касбга ўқитиш меҳнат бозоридаги талаб ва ёшларнинг қизиқишини ҳисобга олмасдан, мавжуд ўқитувчилар доирасида амалга оширилаяпти. Ёшларнинг атиги 2 фоизи дуал таълим шаклида ўқитилади, вилоятдаги 30 минг корхонадан 350 таси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, холос. Оқибатда қуввати 28 минг ўқувчи бўлган коллеж ва техникумларга қабул 50 фоизга етмайди.

Шунинг учун энди қувватидан тўлиқ фойдаланмаётган ўқув бинолари ва хоналари тадбиркорларга тўғридан-тўғри ижарага берилади. Тушган маблағлар биноларни таъмирлаш ва ускуналар харид қилишга сарфланади. Ягона шарт – бу ерда ёшларни касбга ўқитиб, ишли қилиш экани таъкидланди.

Ҳудудларда иш юришига энг катта тўсиқ – туман ташкилотларидаги ўзибўларчилик кайфияти. Ходимларга “KPI” белгиланмаган, рақамлаштириш чала, янгиликларга ўқитиш йўқ. Шу боис вазирликларга ўз тизимида методология, регламент ва рақамлаштиришни тартибга солиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда Бухоро вилояти ва туманлар ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарларининг ахбороти эшитилди.