Муносабат

Марказий Осиё асрлар давомида ягона геосиёсий ва маънавий макон сифатида шаклланган ҳудуд бўлиб, Буюк Ипак йўли ва бутун Евросиё тарихида муҳим аҳамият касб этиб келган. Минтақамиз табиий ресурслари, инсон капитали, бой маданий ва тарихий мероси билан бошқа минтақалардан ажралиб туради. Кўчманчи ва ўтроқ турмуш тарзи уйғунлиги ҳудуддаги иқтисодий, сиёсий тизим асоси бўлибгина қолмай, минтақанинг ўзига хос маданияти, мафкураси ҳамда ҳар қандай ўзгаришга мойиллиги ёки қаршилиги билан фарқланади. Бу ерда бир-бирига яқин қадриятлар мажмуи уйғунлашган. Бошқача айтганда, айни уйғунлик минтақа интеграцияси мезони ҳисобланиб, реаллиги билан доим муҳокама, таҳлил ва баҳс талаб этади.

Бугун борлиқни англаш борасидаги тасаввур ўзгармоқда. Ўзгаришлар қисман Яқин Шарқ минтақаси ҳамда Украинадаги нотинч вазият ҳосиласи сифатида инсоният олдида макон ва борлиқни англашда шарқона ва ғарбона парадигма, яъни оламни ғарбча тушуниш ва шарқона тавсифлаш ўртасидаги сезиларли фарқни, дихотомияни яққол намоён этмоқда.

Тинчлик, барқарорлик шарқ ижтимоий-маданий олами, халқлар дунёқарашида  алоҳида нуфуз касб этиши билан ажралиб турадиган феномен ҳисобланади. Минтақа давлатлари раҳбарларининг Қозоғистондаги навбатдаги учрашуви ҳам фикримизни яққол ифодалайди.

Марказий Осиё етакчиларидан ташқари фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва БМТ Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашган бу галги Маслаҳат учрашувида Марказий Осиё мамлакатлари тараққиётнинг янги тарихий даврини бошлаб берадиган ғоя, ташаббуслар илгари сурилди.

Кун тартибига мувофиқ, минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш, шунингдек замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида минтақада бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш ва узоқ муддатли шериклик кун тартибини бойитиш учун Маслаҳат учрашуви форматини янада такомиллаштириш масалаларини биргаликда кўриб чиқиш вақти келганини эътироф этди. Ушбу масалалар юзасидан концептуал тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш учун Марказий Осиё эксперт форумининг навбатдаги йиғилишини мамлакатимизда ўтказишни таклиф этди.

Давлатимиз раҳбари дунёдаги ҳозирги вазиятга ҳам тўхталиб, Марказий Осиё ўз геосиёсий жойлашуви туфайли глобал ишонч инқирози ва можаролар кескинлашувининг барча салбий оқибатларини бошидан кечираётган бир пайтда “Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш” таклифини билдирди.

Узоқ муддатга мўлжалланган иқтисодий шерикликни ривожлантириш истиқболда Марказий Осиё барқарор ривожланишига хизмат қилиши эътироф этилди. Бунинг натижасида минтақада миллий иқтисодиётлар ўзаро бир-бирини тўлдиради. Бошқача айтганда ягона минтақавий бозор шаклланади. Бу ўз-ўзидан Марказий Осиё интеграциясининг сиёсий-ҳуқуқий асоси яралишига олиб келади.

Навбатдаги муҳим ташаббус сифатида Ўзбекистон Президенти Парламентлараро форумни келгуси ой Хива шаҳрида ўтказишни таклиф қилди. Мазкур анжуман парламентлараро самарали алмашинувни кенгайтиришга хизмат қилади.

Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, давлатимиз раҳбари “маданий-тарихий мерос умумийлигини ҳисобга олган ҳолда “Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак” халқаро медиа платформасини иш тушириш ташаббусини илгари сурди. Бу ўз навбатида, халқларимиз минтақа келажаги учун бирдек дахлдорлиги, бирдамлиги билан боғлиқ умумий масъулиятни англашда драйвер вазифасини ўтайди.

“Марказий Осиё ёшлари кун тартиби-2030” илгари сурилиши минтақада инновацион ғоя ва лойиҳаларни амалга оширишига хизмат қилиши таъкидланди. Мавжуд масалаларни атрофлича муҳокама қилиш мақсадида жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида биринчи Марказий Осиё таълим форуми ўтказилиши таклиф этилди. Шунингдек, Президентимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини келгуси йил еттинчи саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф қилди.

Юксак эҳтиром, эътибор ва эътироф рамзи

Маслаҳат учрашуви доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони билан тақдирланди. Бу мамлакатимиз етакчисининг минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари эътирофи рамзидир.

Умуман, учрашувда давлатимиз раҳбари муҳим ташаббус ва қарорлар тизимли равишда амалга оширилиши натижасида минтақа мамлакатлари яқинлашуви жараёни барқарор, изчил ва ортга қайтмас тус олганини қайд этди. Якунда Шавкат Мирзиёев етакчиларга юксак мукофот учун миннатдорлик билдириб, Марказий Осиёни тинч ва фаровон ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолишини таъкидлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин, бугунги қалтис жаҳон тартиботида айнан Президентимиз илгари сурган ғоялар, лойиҳа ва ташаббусларга чуқур эҳтиёж сезилмоқда. Дунё тараққиёти шундай бир паллада турибдики, энди макон инсон омили билан боғлиқ ортиқча босим, тазйиқ, қолаверса баландпарвозликни кўтаролмайди. Бошқача айтганда зарур мувозанат, узвий мулоқотга дарз кетмаслиги лозим. Дунёни шундай идрок этиш туйғуси, очиғи, айнан Шарқ, хусусан минтақамиз халқлари тафаккурида доимо уйғоқ бўлган. Ҳозирги вазият айни фазилатларни намоён этиш мавриди келганини англатади, назаримизда.

Усмонжон Бўтаев,

ЎзМУ профессори, сиёсий фанлар доктори

ЎзА