Франция пойтахти Париж шаҳрида XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари тоборо қизғин паллага кирмоқда. Дзюдо бўйича вазни 52 килограммгача бўлган аёллар ўртасидаги беллашувлар ўтказилди. Унда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Диёра Келдиёрова барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди ва ушбу медаль мамлакатимиз хотин-қизлари ўртасида Олимпия ўйинлари тарихидаги биринчи олтин медаль сифатида тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан битилди.

Диёра Келдиёрованинг ушбу муваффақияти замирида мамлакатимизда аёллар спортини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор мужассам. Илгари хотин-қизларимизнинг халқаро мусобақаларда иштирок этишини тасаввур қилиб бўлмас эди. Бундай нуфузли мусобақалардаги ғалабалар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Бугун эса бари ўзгача, хотин-қизларимиз нафақат спорт, балки бошқа соҳада ҳам анча илғор ва юрт шарафини дунё узра янада юксалтирмоқда.

Дзюдочи қизимиз Д.Келдиёрова 1998 йил 13 июль куни Самарқандда таваллуд топган. Олти ёшида дастлаб самбо, кейинчалик дзюдо спорт тўгарагида шуғулланишни бошлади. Диёра  туман, шаҳар ва вилоят миқёсидаги спорт мусобақаларида тобланиб, ўз устида тинимсиз меҳнат қилди. 2013 йил Диёра Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё ўйинларида 44 килограмм вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритган. 2016 ва 2018 йилларда дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳам бронза медалларига сазовор бўлган.

2016 йил Тошкентда катталар ўртасида ўтказилган Гран-при мусобақасида финалга қадар барча рақибларини енгиб, кумуш медаль соҳибига айланди. Шу йили Президент қарори билан Диёра Келдиёрова Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. 2018-2022 йилларда ўтган жаҳон ва қитъа биринчиликлари, Гран-при ҳамда “Катта дубулға” турнирлари, Осиё ўйинлари каби бир неча нуфузли мусобақаларда бир қатор медаллар шодасига эга чиқди.

Диёра Келдиёрова 2023 йилда Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш, Грузия ва Мўғулистондаги “Катта дубулға” мусобақаларида олтин ва бронза медали соҳибига айланди. Хитой мезбонлигидаги Осиё ўйинларининг дзюдо мусобақаларида барча рақибларини енгиб, Осиё ўйинлари ғолибига айланди ва делегациямизга илк олтин медални келтирди. Шунингдек, аралаш жамоавий баҳсларда кумуш медалга сазовор бўлди.

Жорий йилги мавсум эса дзюдочимиз учун ҳам муваффақиятларга бой бўлди. Дастлаб, Португалияда дзюдо бўйича ўтказилган Гран-при мусобақасида, сўнгра Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтган “Катта дубулға” турнирида олтин медални қўлга киритди. Яна бир аҳамиятли жиҳати, ушбу ғалабалар эвазига Д.Келдиёрова жаҳон рейтинги пешқадамига айланди. Ҳонгконгда катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида бронза медали билан тақдирланди. Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилган жаҳон чемпионатида иккинчи ўриндан жой олди.

Шу каби нуфузли мусобақаларда тобланган Диёра Олимпия ўйинлари арафасида бир неча халқаро ўқув-машғулот йиғинларида “Париж-2024” Олимпиадасига тайёрланди. Давлатимиз раҳбарининг «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарори бунга муҳим дастуриламал бўлди.

Юқори даражадаги тайёргарлик ва ўз олдига қўйилган улкан мақсад ўз самарасини берди.

Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида Диёра Келдиёрова ўз иштирокини 1/18 финал босқичидан бошлади. Дзюдочимиз илк баҳсда тўрт карра жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинлари ғолиби, 5 йилдан буён мағлубият нималигини билмай келаётган япониялик Ута Абега қарши баҳс олиб борди. Мазкур беллашувда Диёра кучли рақибини иппон эвазига енгди ва рақибини аренадан кўз ёшлар билан тарк этишига мажбур қилди.

Диёра Келдиёрова чорак финал босқичида германиялик Маша Боллхаусни, ярим финалда франциялик Амандин Бушарни, финал баҳсида эса косовалик Дистрия Красничини доғда қолдириб, нафақат дзюдо балки спортимиз тарихида Олимпия ўйинларининг олтин медалига эга бўлди.

Албатта, бу ғалабани қўлга киритишнинг ўзи бўлмайди ва буни биргина спортчининг узи уддалаши қийин. Диёранинг Олимпия ўйинлари ғолиби бўлиши, аввало, давлатимиз томонидан спортчиларга яратилаётган кенг имкониятлар самарасидир.

– Олимпия ўйинларига узоқ муддат тайёрландик. Ҳар бир рақибим кучли бўлишини билган эдим. Кучлиларни ютмагунимча, кучли бўла олмаслигимни яхши тушуниб турган эдим. Мен ҳар бир баҳсда давлатимиз байроғини баланд кўтариб, ўзбек миллати дунёда ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини исботлаш ҳақида ўйлаб беллашдим. Ғолиб бўлганимдан сўнг қалбим фахр-ифтихорга тўлди, кўзларимда қувонч ёшлари қалқиди. Ўзимни дунёдаги энг бахтли аёл каби ҳис қилдим. Ғалабаларим замирида мураббийларим, спортимиз мутасаддилари ва бизга барча имкониятни яратиб бераётган давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари ётибди. Мени доимо қўллаб-қувватлаётган ва дуо қилаётган халқимиздан миннатдорман, – деди Олимпия ўйинлари ғолиби Диёра Келдиёрова.

Ҳа, бугун юртимизда Олимп чўққисини забт этишга қодир катта тажрибага эга спортчилар сони кўпаймоқда. Улар дунё ареналарига дадил қадамлар билан кириб келмоқда. Ана шундай улкан зафарларни қўлга киритаётган фарзандлари бор юртнинг келажаги буюк бўлади.

Умид қиламизки, XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган спортчиларимиз улкан ғалабалари билан халқимизни қувонтиришда давом этади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА