Адвокатура соҳасидаги ишлар самарадорлигини ошириш учун адвокатлик тузилмалари фаолияти такомиллаштирилмоқда.

Шу мақсадда “Адвокат стажёри ва адвокат ёрдамчисининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом” янги таҳрирда тайёрланди ва тасдиқланди.

Ҳужжат асосида адвокатурага ишга кириш енгиллаштирилди. Эндиликда стажёр томонидан стажировка ўташ учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар қарийб икки бараварга камайтирилди.

Стажировка даврида режа тасдиқлатиш, реферат тайёрлаш, уни ҳимоя қилиш, иш бўйича нутқ ёзиш, ёзма ҳисоботлар тайёрлаш каби бюрократик тўсиқлар бекор қилинди.

Шу билан бирга, низомга мувофиқ, стажёр ва ёрдамчига суд ёки тергов органлари рухсати асосида адвокат билан биргаликда судда ёки тергов органларида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

Стажёрларга ўриндошлик асосида стажировка ўташга рухсат берилди. Стажёрга раҳбар бўлган адвокат лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган ёки тугатилганда стажёр стажировкани бошқа адвокатлик тузилмасида давом эттириши мумкин.

Адвокат стажёри ва адвокат ёрдамчисининг фаолияти юзасидан иккита идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат унификация қилинди.

Аввал адвокатлик тузилмаларида стажировка ўташ учун 6 тадан ортиқ (баъзида бундан ҳам кўп) ҳужжат тақдим этилган. Шунингдек, стажировка ўташ давомида режа тасдиқлатиш, реферат тайёрлаш ва уни ҳимоя қилиш, иш бўйича нутқ ёзиш, ёзма ҳисоботлар тайёрлаш талаб этилган. Бу эса, ортиқча вақт сарфланишига ва оворагарчиликка сабаб бўлар эди. Бундан ташқари, стажёрнинг ўриндошлик асосида ишлаши ҳам мумкин эмас эди. Эндиликда айнан мана шу ноқулайликларга барҳам берилди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА