Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш кўзда тутилган.

Мажлисда дастлаб болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

—  Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳамда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга устувор аҳамият қаратилмоқда, — деди депутат Дилбар Мамажонова. — Мазкур қонун билан амалдаги қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик” тушунчаси киритилиб, бундай қилмишлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликлар белгиланмоқда, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик янада кучайтирилди. Болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича ўзгартиришлар киритилди.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар томонидан берилган бир қатор таклиф ва тавсиялар ишчи гуруҳ йиғилишларида чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти ҳужжат матнида акс эттирилди. Хусусан, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи субъектлар қаторига Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари ҳам киритилди.

Бунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар Болалар масалалари бўйича миллий комиссия томонидан мувофиқлаштирилиши, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги комиссиянинг ишчи органи, қолаверса, қонун ижросини таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланиши таклиф этилмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасида болаларга ҳам ҳимоя ордери бериш таклиф этилмоқда.

Таълим, тарбия, болаларни соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларда ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланадиган шахсларнинг доираси кенгайтирилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳада болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда. Ота-оналарнинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши кераклиги белгилаб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, зўравонликдан жабрланувчи ва унинг қонуний вакили моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда, давлат божи тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда, — деди маърузачи.

Моддама-модда муҳокамаларда сўз олган депутатлар лойиҳа юзасидан бир қатор саволларни ўртага ташлади. Шунингдек, қонун лойиҳасининг аҳамияти ва зарурати юзасидан сиёсий партиялар фракцияларининг ҳам муносабатлари эшитилди. Халқ вакиллари қайд этганидек, ҳужжатнинг қабул қилиниши болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

М.Комилова,  

ЎзА