Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 29 июнь куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги бир қатор ижтимоий объектларга ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб тумандаги Иброҳим ота маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.
Президентимиз шу йил 1 июнь куни Чилонзор туманидаги Хирмонтепа ва Тирсакобод маҳаллаларида бўлганида “Обод маҳалла” дастури лойиҳасини шакллантириш бўйича топшириқ берган эди. Шу асосда маҳаллалар қиёфасини янгилаш мақсадида “Обод маҳалла” дастури қабул қилинди.
Иброҳим ота маҳалласи ҳам мазкур дастурга киритилган.
Ушбу маҳаллада 19 та икки қаватли ва 4 та тўрт қаватли уй жойлашган. Улар 1960 йилларда қурилган бўлиб, бугунги кунда таъмирталаб бўлиб қолган. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳам эскирган.
“Обод маҳалла” дастурига мувофиқ, маҳаллада барча кўп қаватли уйлар, кўча ва йўлаклар таъмирланиб, ҳудуд ободонлаштирилмоқда. 7 та икки қаватли арзон уй-жой, замонавий мактабгача таълим муассасаси қурилмоқда. Шунингдек, намунавий лойиҳа асосида маҳалла гузари, коммунал тўловлар шохобчаси, болалар ва спорт майдончалари барпо этилиши режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги маҳаллаларни ўрганиш борасида бошланган ишлар хусусида тўхталар экан, уйма-уй юриб, ҳар бир оиланинг талаб-истакларини ўрганиш, муаммоси бўлса ёрдам бериш, тадбиркорларни жалб этиб, ишчи жойлар яратиш зарурлигини таъкидлади.
Бу ердаги одамларнинг ҳам бола-чақаси, эртанги кундан умидлари бор. Мамлакатимиздаги ўзгаришларни, қабул қилинаётган дастурлар натижасини одамлар ўз уйида сезиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев мазкур маҳалла фаоллари ва аҳоли билан суҳбатлашди. Аҳолини иш билан таъминлаш, мактабгача таълим ва мактаб таълимини ривожлантириш, ёшларни етук инсонлар этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар моҳияти ҳақида мулоқот бўлди. Самимий суҳбат чоғида «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва «Ёшлар – келажагимиз» дастурлари аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, ёшларни қўллаб-қувватлашга замин бўлиши таъкидланди.
Президентимиз маҳалладаги кўп қаватли уйлар, мактабгача таълим муассасалари атрофини ободонлаштириш, йўлакларни таъмирлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА