Нукус шаҳридаги 1-сон спорт мактабида Мас-рестлинг бўйича Осиё чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Чемпионатда Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Ҳиндистон, Туркманистон, Покистон давлатларидан ва юртимиздан 200 нафардан ортиқ спортчи иштирок этмоқда.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, спортчиларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш, ёшларни спортга жалб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Мас-рестлинг — бу баркамол шахсни жисмоний ва маънавий тарбиялашнинг алоҳида фалсафаси, саха халқининг бой маданиятининг ажралмас қисми. Спорт сифатида 17 асрда Сибир ва Узоқ Шимолнинг биринчи тадқиқотчилари томонидан тасвирланган.

Биринчи расмий қоидалар 1945 йилда ишлаб чиқилган, кейин бир неча бор қайта кўриб такомиллаштирилган, таснифлаш стандартлари Саха Республикаси (Ёқутистон) спорт устаси унвонига қадар ишлаб чиқилган. Aйни кунларда катта ёшдаги эркаклар ўртасида етти, аёллар ўртасида бешта, ёшлар ўртасида олтита вазн тоифасида мусобақалар ўтказилиб келинмоқда. Жанг санъатининг нисбатан янги тури тезда Россияда ва хорижда жуда машҳур бўлди. 2000 йилда мас-рестлинг Халқаро олимпия қўмитаси ҳомийлигидаги “Осиё болалари” халқаро спорт ўйинлари дастурига киритилган.

2014 йилда Саха Республикасида (Ёқутистон)мас-рестлинг бўйича биринчи жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 35 мамлакатидан 144 нафар энг кучли спортчи ўн беш вазн тоифасида иштирок этди. Бугунги кунга қадар Осиё чемпионати 2011 йил Пуна шаҳрида (Ҳиндистон), 2014 йилда Тошкентда (Ўзбекистон), 2019 йилда Олмалиқда (Ўзбекистон) бўлиб ўтди. Осиё чемпионати беллашувлари Қорақалпоғистон Республикасида биринчи марта ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари