Жорий йил 28-29 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб ўтадиган мазкур форумда мамлакатимизни ривожлантиришнинг истиқболли стратегияси муҳокама қилинади.
Тадбир «Буюк келажак» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан ташкил этилмоқда. Унда турли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, илмий марказлар мутахассислари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштироки кутилмоқда.
Форумда давлат ва жамият бошқаруви тизимида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳоли яшаш даражаси ва ижтимоий муҳофазани кучайтириш, қишлоқ хўжалиги, саноат, иссиқлик ва электр энергияси мажмуаси, инфратузилмани ривожлантириш, молиявий соҳа, инновациялар, ўрта ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш, илм-фан, туризм, маданият, таълим ва инсон капитали каби соҳалардаги мавжуд муаммолар муҳокама этилади.
“Буюк келажак” ташкилоти Ўзбекистонда туғилиб, турли сабабларга кўра хорижда яшаётган, таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган юртдошларимиз томонидан ташкил этилиб, жорий йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида халқаро нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказилган.
Мазкур тузилма юрт ривожи учун ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган, инновацион ғояларини мамлакатимиз саноати ва ишлаб чиқариш, шунингдек, илмий соҳада татбиқ этишни мақсад қилган чет элларда яшаётган ватанпарвар юртдошларимизни ўз атрофига бирлаштиради.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА