Тоғай Мурод ҳақиқий бахтни нимадан топган эди?

Ўзбек халқи азал-азалдан ҳақиқат учун курашиб, ўз қадр қиммати учун кенг майдонларда гоҳ маънавий усулда, гоҳ жисмоний шаклда жанг қилиб келган. Ана шундай юксак жараённи борича қоғозга тушириш бахти асл ижодкоргагина насиб этади. 
Биз “бахт” сўзини бежизга ишлатмадик, чунки воқеликни борича қоғозга тушириш, адолат, ҳақиқат учун бадиий адабиёт бўстонида курашиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бунинг учун ҳақиқат истовчи юрак ва адолатга тик боқувчи оқил юз керак. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 22 июнь куни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг танланган асарлари тақдимотида ҳам бахтли адибнинг ана шундай хислатларга эга бўлганлиги ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда адибнинг заҳматкаш шогирдлари, у киши билан бир даврада суҳбатдош бўлиш бахтига муяссар бўлган кишилар, таниқли шоир, ёзувчи ва адабиётшунос олимлар, ёш тадқиқотчи ҳамда ҳаваскор ижодкорлар иштирок этишди.
Таниқли адабиётшунос олим Баҳодир Каримов “Ўзига хос характерга эга бўлмаган киши, ҳақиқий ижодкор бўла олмайди”, деди.
Ҳа, албатта, Тоғай Мурод ўзига хос характерга эга инсон бўлган. Мансабга, шуҳратга ва молу дунёга ўч бўлмаган. У ҳақиқий бахтни адолатдан топган адиб. Сўзга жуда хасис ва ҳассос бўлган. Шунинг учун у ёзган асарларда бой бадиий салоҳият сезилиб туради. Шунингдек, адабиётшунос Раҳмон Қўчқорнинг Тоғай Мурод ҳақида билдирган сўзлари йиғилганларга жуда манзур бўлди. Шоир Шодмонқул Саломнинг адиб ҳаётига бағишланган шеъри йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Таниқли шоир ва таржимон Вафо Файзуллоҳ эса адиб ижодининг барҳаётлигини “эътиқод ва истеъдодни бирга олиб борганлигида” деб баҳолади. Адабиётшунос Раҳмон Қўчқор “Тоғай Мурод асарларида миллат ҳуқуқи ҳимояси бош ғоя қилиб кўтарилган. Шунинг учун уни барча ўқиши шарт бўлган адабиётлар рўйхатига киритмоқ керак”, деган таклифни билдирган бўлса, Мусулмон Намоз адибнинг “Юлдузлар мангу ёнади” асари юзасидан бадиий фильм тайёрланиши керак эканлигини ва айни дамда бунга эҳтиёж борлигини такидлади.
– Тоғай Мурод таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан кўплаб тадбирлар ўтказдик. Аммо ушбу тўплам барча тадбирлар қаторида савобли иш бўлди, – дейди ёш тадқиқотчи журналист Фаррух Жабборов. – Тадбир жараёнида келтирилган таклифлар, устозларнинг барча фикрлари бугун Тоғай Мурод хотираси ва унинг ижоди борасида йиғилганларда илиқ таассурот қолдирган бўлса, биз олдимизга қўйган мақсадга эришган бўламиз.
“Шарқ” нашриётида чоп этилган ушбу китобда адибнинг тўрт қисса ва икки романи бир жилдда жамланган. Ўйлаймизки, ушбу китоб ўзбек халқи тарихи ва ўз халқининг бой маънавий меросига эътиборсиз бўлмаган инсонлар ҳамда адабиёт ихлосмандларига манзур бўлади.

 

Дилобар Маматова, ЎзА