Ҳар йил дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатида 22 апрель куни Халқаро Ер куни нишонланади. Шу муносабат билан Тошкентда “Ер деградациясига қарши курашишнинг интенсив ва инновацион ечими” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий лойиҳалаш институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис, вазирлик, идоралар, халқаро ташкилотлар, илмий доира вакиллари иштирок этди.

БМТ Бош Ассамблеяси 63-сессиясида тасдиқланган Халқаро Ер куни ҳозирги ва келажак авлоднинг иқтисодий, ижтимоий, экологик эҳтиёжи ўртасида мувозанатга эришиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиат билан уйғунликка эришиш муҳимлигини таъкидлайди.

Юртимизда иқлим ўзгариши туфайли кучайиб бораётган ер деградациясига қарши курашга жиддий эътибор қаратилади. 2022 йил давлатимиз раҳбарининг “Ер деградациясига қарши самарали кураш тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўлдаги муҳим қадамдир. Мазкур ҳужжатда ер деградациясига қарши курашиш ва ушбу ҳолатнинг салбий оқибатини юмшатиш, ҳудудларда чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олиш, биология хилма-хиллигини сақлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, деградацияга учраган ерни қайта тиклаш, илғор илмий ишланма, инновациядан кенг фойдаланиш асосида барқарор ривожланишга эришиш бўйича қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.

ФАО юртимизда айни йўналишда қатор лойиҳалар амалга оширяпти. Глобал экология жамғармаси (GEF) томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” – “FOLUR” ва “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимида яйлов ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳалари шулар жумласидан.

– Ўзбекистоннинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясига мос келадиган FOLUR дастурида асосий эътибор қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат тармоғини модернизация қилиш, ер деградациясини камайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқларни ривожлантириш дастурларини амалга оширишга қаратилган, – дейди лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Азиз Нурбеков. – Ташаббус, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли хавфсиз овқатланиши тизимини такомиллаштиришга ҳам хизмат қилади. Тўрт мақсад – Ҳукуматни меъёрий-ҳуқуқий база доирасида қўллаб-қуввалаш, буғдой етиштириш ландшафтига эътибор қаратиш, биология хилма-хиллиги масаласини кўриб чиқиш ва мутахассислар малакасини оширишни назарда тутади.

Халқаро анжуман муносабати билан ФАО ва Қурғоқчил минтақаларда қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) ўртасида буғдой етиштиришда ер деградацияси мувозанати ва иқлим учун хавфсиз агротехник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича келишув имзоланди.

Конференция доирасида ер деградацияси мувозанатига эришишга қаратилган “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимида ўрмон ва яйловни барқарор бошқариш” лойиҳаси техник ишчи гуруҳи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

Ишчи гуруҳ аъзолари республикамиз ўрмонлари, қишлоқ хўжалиги ерлари ва яйловлар деградациясининг олдини олишга қаратилган технологияни кўздан кечиришди. Якунда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда, мутахассислар томонидан танлаб олинган агротехнология рўйхати ишлаб чиқилиб, Бухоро ва Навоий вилоятларининг икки туманида синовдан ўтказилади ва кейинчалик республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий қилинади.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА