Кейинги пайтда мамлакатимизда электр энергияси ва табиий газга бўлган эҳтиёж ошиб бормоқда. Бунга аҳоли сонининг ошиши ва турмуш-тарзининг яхшиланиб бораётгани, юртимизнинг барча ҳудудларида турар-жой биноларининг барпо этилаётгани каби омиллар сабаб бўлмоқда.

Бироқ энергетика тизимининг бир маромда ишлаб туришини таъминлаш учун катта маблағ зарур. Бугунги кунда эса аксарият электр ва газ қурилмаларининг маънан эскиргани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2024 йил 16 апрель куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланиши ҳаётий заруратдир. Чунки ҳукумат томонидан айнан энергетика тизимининг субсидиядаланиши сабабли, аҳоли истеъмоли учун ушбу манбаларнинг нархи 2019 йилдан буён ўзгармаган эди.

Шу маънода, ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тизимига босқичма-босқич ўтиш жараёнида тарифларни ўзгартириш ва энергетика тармоғини барқарорлаштиришда ушбу чора-тадбирлар муҳим ҳисобланади.

Куни кеча қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳияти ва унинг доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида батафсил маълумот олиш учун Энергетика вазирлигининг Газ-транспорт ва тақсимлаш тизимини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Ҳаким Қўшбоқов ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев билан суҳбатлашдик.

– Ҳаким Абдураззоқович, ушбу қарор мазмуни ҳақида батафсил тўхталиб ўтсангиз? Жорий йилнинг 1 май кунидан табиий газ нархи оширилади. Бу таъминот сифатини қай даражада яхшилайди?

– Бугунги кунда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини шакллантириш ва бозор механизмига босқичма-босқич ўтиш ишлари давом эттирилмоқда. Яқинда ҳукуматнинг бу бўйича қарори қабул қилинди. Унга кўра, аҳолига етказиб берилаётган табиий ва суюлтирилган газ нархлари ижтимоий табақалантирилди. Бунда асосий нормалар ёзги, куз ва қишки мавсумга ажратилди. Ёзда аҳоли истеъмолчиларимизга 100 метр куб ижтимоий норма белгиланган бўлса, куз ва қиш мавсумларида ушбу норма 500 метр кубни ташкил этади. Ижтимоий нормага асосан қабул қилинган табиий газ ҳажми 650 сўмдан, ундан ошгани эса 1500 сўмдан белгиланди.

Бу ижтимоий нормалар жойлардаги ўрганиш натижалари ҳамда истеъмол маданиятини шакллантиришга қаратилган. Ижтимоий норма тарифларида табиий газ етказиб бериш асосий мақсад қилинди. Бунинг натижасида газ нархининг ошиши эвазига табиий газни қазиб чиқариш, транспортировка қилиш ҳамда истеъмолчиларга барқарор етказиб бериш тизимини модернизация қилиш, янгилаш ва уларнинг ишончлилигини ошириш бўйича техник тадбирлар амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, бундан техник тадбирларни бир кун ёки бир йилда ҳал қилиб бўлмайди. Бу тадбирлар босқичма-босқич олиб борилади. Нархнинг ошгани эртага газнинг узилиши, газ босимининг пасайиб кетиш ҳолатлари умуман бўлмайди, дегани эмас. Чунки тизимда чораларни олиб бориш учун бизга вақт керак бўлади. Бу ишлар самарасида газ босимининг пасайиши ва узилиши секинлик билан камайтирилиб боришга эришилади. Авариявий ва шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилса, табиий газ босимининг пасайиши ёки ўчириш ҳолатлари кузатилади.

– Фахриддин, янги тарифга асосан аҳоли хонадонида 1000 киловатт соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, тўлов қай тарзда амалга оширилади?

– Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида эндиликда бир ойда 200 киловаттгача электр энергияси ишлатган хонадон эгаси 1 киловатт соат учун 450 сўмдан тўлайди. Бундан ортиқ, яъни 1000 киловатт соатгача ишлатилган бўлса, 200 киловатт соатгача 450 сўм, қолган 800 га эса 900 сўмдан тўлов қилинади. Бу давомли равишда ушбу манбадан қанча кўп истеъмол қилинса, шунча тўлов миқдори ошиб боради.

Албатта, истеъмолчиларда ҳақли савол туғилиши мумкин: нима учун шундай табақалаштирилган тариф жорий этилди? Чунки бундай тарифни ошириш энергетика тизими учун ҳаётий заруратга айланди. Сабаби, генерация, тақсимлаш каби жараёнларда эскириш бор эди. Бу бевосита электр энергияси тўловлари билан ҳам боғлиқдир. Қолаверса, тизимда 100 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади. Уларнинг иш ҳақи ва эҳтиёжини қондириш учун ҳам маблағ зарур бўлади.

200 киловатт соат нима учун ижтимоий норма қилиб белгиланганига изоҳ берсам. Мамлакатимизда деярли 62 фоиздан кўпроғини айнан 200 киловатт соат электр энергияси истеъмол қилувчилари ташкил этади. Мана шу миқдор асос қилиб олинди ва амалиётга татбиқ этилди.

Ўсувчи коэффициентнинг қўлланилишига келсак, электр энергияси таннархини бозор механизмлари асосида жорий этиш ўтган йилдан бошланди. Хусусан, улгуржи истеъмолчилар учун тарифлар таннархга тенглаштирилди. 1 майдан бошлаб эса аҳоли учун табақалаштирилган тариф бевосита таннархга яқинлаштирилди. Ҳозирги кунгача истеъмолчиларимиз 1 киловатт соат учун 295 сўм тўлаяпти. Бу таннархдан анча пастдир. Салкам минг сўмга 1 киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва аҳолига 295 сўм миқдорида етказиб берилмоқда. Ўртадаги тафовут давлат бюджетидан қопланмоқда. Бу механизмнинг шу тарзда ишлаши тизим корхоналарини молиявий ҳолатининг ёмонлашувига олиб келди.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жараёнида қўшимча қувватларни яратиш зарурати пайдо бўлди. Қолаверса, паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш учун ҳам маблағ етишмовчилиги мавжуд эди. Бу эса чекка ҳудудларда, шунингдек, ўтган йилги аномал совуқ тизимда катта ўзгаришларни олиб бориш зарурлигини кўрсатди.

Янги тарифнинг амалиётга татбиқ этилиши тизимни бу каби талаб ва таклифлар асосида ривожлантиришда моддий кўмак бўлади.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.