“Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 227-1-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 18 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти доирасида, улар томонидан билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган.

Қонун билан 2024 йил 26 февралдаги “Солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини мақбуллаштириш тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ тадбиркорларга нисбатан қўлланилаётган молиявий жарималарни кескин қисқартириш белгиланмоқда.

Қонун билан фискал ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қўлланиладиган молиявий санкциялар миқдорлари камайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Мазкур ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда – жарима миқдори охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизини, ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда – унинг 20 фоизини ташкил этиши белгиланмоқда.

Бу Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди.

Сенаторларнинг таъкидлашича, солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик янада мақбуллаштирилиши тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиб, уларнинг фаолияти ривожланишига замин яратади.

Мажлисда “Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур қонун мамлакатимизда давлат мулкини тадбиркорлик субъектларига ва бошқа шахсларга ижарага беришнинг қонунийлигини таъминлашга қаратилган. Қонун билан давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик  белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкидан самарали фойдаланилишини, ижарага олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

“Юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмалари ташкилотларини ҳисобга қўйиш тартиби белгиланаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Унда юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини адлия органларида давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг мажбуриятлари юзасидан тегишли касаба уюшмасининг жавобгарлигини ошириш назарда тутилган.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА