Марказий банк томонидан аҳоли ўртасида инфляцион кутилмалар тўғрисида сўровнома ўтказилган. Жорий йил март ойида ўтказилган сўровномалар натижасига кўра аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан бироз пасайиб, мос равишда 12,8 ва 12,2 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, ўтказилган сўровномалар натижасига кўра март ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз 12,7 фоизда сақланиб қолди. Аҳолининг валюта курси ўзгариши ва нархларнинг сунъий оширилиши билан боғлиқ хавотирлари кучайди.

Валюта курси ўзгариши ва нархларнинг сунъий оширилиши келгусида нархлар ошишига таъсир этувчи асосий омил бўлишини қайд этганлар улуши ортди (61 фоиз, февралда 56 фоиз эди). Ёнилғи ва энергия ресурслари нархи ошишини асосий омил сифатида белгилаган респондентлар улуши камайди (50 фоиз, февралда 54 фоиз эди).

Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳам ўтган ойга нисбатан бироз пасайди (-0,5 фоиз) ва 12,2 фоизни ташкил этди. Тадбиркорлар орасида валюта курси ўзгаришини нархлар ошишига олиб келувчи асосий омил сифатида кўрсатганлар улуши ортган (61 фоиз, февралда 57 фоиз эди). Ёнилғи ва энергия ресурслари нархи ошишини белгилаган тадбиркорлар улуши камайган (44 фоиз, февралда 49 фоиз эди).

Соҳалар кесимида энг юқори инфляцион кутилмалар ахборот технологиялари соҳасида ишловчилар томонидан қайд этилган бўлса, энг паст кутилма туризм соҳасига (10 фоиз) тўғри келди. Тадбиркорлар субъектларининг энг юқори инфляцион кутилмалари маданият соҳасида кузатилди (15 фоиз), энг паст кутилмалари эса туризм соҳасида бўлиб турибди (10,8 фоиз).

Аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида (16,9 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст инфляцион кутилмалар Қорақалпоғистон Республикаси (10 фоиз) ва Жиззах вилоятида (9,9) яшовчи аҳоли томонидан қайд этилган.

Бизнес вакиллари бўйича энг пессимистик кутилмалар ҳам Тошкент шаҳрида бўлиб турибди (14,4 фоиз). Энг оптимистик кутилмалар Қорақалпоғистонда (10,3 фоиз) қайд этилган.

Даромадлари 7 миллион сўмдан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари ўртачадан юқори шаклланди. Хусусан, 15 миллион сўмдан юқори даромадга эга респондентлар инфляция кейинги бир йил ичида 19,2 фоиз даражасида бўлишини кутмоқда.

Тошкент шаҳрида яшовчи респондентларнинг 22 фоизигина инфляция 8 фоиз ёки ундан камроқ бўлишига ишонмоқда.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг февраль ойида ҳам Ўзбекистонда аҳолининг инфляцион кутилмалари пасайган эди. Аҳоли ва тадбиркорлар энг кўп валюта курси ўзгариши ҳамда ёнилғи ва энергетика нархи ошишидан хавфсираётганини қайд этган.

Ш.Маматуропова, ЎзА