2019 йилдан 2024 йилнинг ўтган давригача республикамизда 1504 нафар беморда буйрак ҳамда 93 нафар беморда жигар бўлаги трансплантацияси амалга оширилган.

Амалиётлар ўтказилаётган кўп тармоқли тиббиёт марказларида бунинг учун барча имконият ва шароитлар яратилган. Трансплантация операцияси ўтказилган шахслар сифатли иммуносупрессор дори воситалари билан таъминлаб келинмоқда.

Хусусан, Самарқанд вилоятида жами 70 нафар беморда буйрак кўчириш амалиёти ўтказилган. Бироқ вилоятдаги марказда донор ва реципиентларни трансплантацияга тайёрлаш ҳамда ундан кейинги даволаниши учун трансплантация бўлими ташкил этилмаган.

Бу Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги қонуннинг Самарқанд вилоятидаги ижросига бағишланган мажлисида қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан трансплантация масалалари бўйича Этика комиссияси тузиш ҳақида, трансплантация зарурлиги тўғрисида тиббий хулоса бериш тартибини тасдиқлаш тўғрисида, мия ўлимини аниқлаш қоидалари, реанимация тадбирларини тўхтатиш ва инсон ўлимини аниқлаш протоколи шаклини тасдиқлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида ҳамда трансплантация операцияси ўтказилган шахсларни сифатли иммуносупрессор дори воситалари билан таъминлаш ва доимий назорат қилиш тўғрисидаги буйруқлар қабул қилинган.

Қонунни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган айрим вазифалар бажарилмаганига эътибор қаратилди. Хусусан, қонун талабларини инобатга олган ҳолда, тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.

Жумладан, Самарқанд вилоятида иммуносупрессор қабул қилувчи ҳар бир реципиентнинг ҳолати, мазкур препаратнинг дозаси ва қолдиғи ҳақида аниқ маълумот берувчи ягона реестр юритилмаётгани қайд этилди.

Мажлисда инсон аъзолари трансплантацияси соҳасини такомиллаштириш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари ҳам эшитилди. Сенаторлар томонидан соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА